Бугун жамиятимизда содир бўлаётган айрим воқеаларни ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, одамларимиз кундан-кунга бағритош бўлиб бораётгандек тасаввур уйғонади.

Деярли кунора чиқаётган бировга тан жароҳати етказиш, ўлдириб қўйиш билан боғлиқ воқеаларга аксарият ҳолларда спиртли ичимлик таъсирида ақлини йўқотиш, ўзини бошқара олмаслик сабаб бўляпти. Лекин, ақли-ҳуши жойида, соппа-соғ фуқароларимиз томонидан ҳам бошқаларни “ўзича судлаш” ва жазолаш воқеалари тез тез содир бўляптики, бу ҳаммамиз учун жуда ачинарли ҳолат. 

“Ўзича судлаш” нима ва нимаси билан хавфли?

“Ўзича судлаш” – бу ҳуқуқбузарлик содир этган ёки ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган шахс ҳақида тегишли давлат органига хабар қилмасдан, уни ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда жазолашдир.

“Ўзича судлаш” деган иллатнинг яққол мисоли сифатида, яқинда, Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида бировнинг автомобилини очаётган шахсларни, Самарқанд вилоятида фермер хўжалиги мол-мулкини ўғирлашда гумон қилинган шахсларни, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида беморнинг ўлимида гумон қилинган шифокорларнинг ўзбошимчалик билан жазоланганини кўрсатиш мумкин.

Ўзича судлаш жамият учун катта хавф туғдирадиган ҳолат. Нимаси билан дейсизми? Асосий хавфларни санаб ўтамиз, демак:

- биринчидан, “ўзича судлаш” оқибатида жазоланган шахс аслида айбсиз бўлиши ёки айбдор-у, лекин жазо адолатли бўлмаслиги, яъни арзимаган қилмиш учун жуда жиддий жазо бериб юборилиши мумкин. Чунки, ўзича судлаш кўпинча тўсатдан аниқланган ҳолатлар бўйича ва ҳолат содир бўлган жойнинг ўзида, кўпчиликнинг ҳис-ҳаяжонини жиловлаш имкони мавжуд бўлмаган шароитларда содир этилади. “Ўзича судлаш” пайтида жазолаётган шахслар жазо адолатли бўлиши кераклигини ўйлаб ўтирмайди, одатда кучи етганича жазолаб юбораверади;

- иккинчидан, “ўзича судлаш”ни амалга ошираётганларнинг ўзларини соғлиги ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Агар ушланган шахс ростдан ҳам жинояти бўлса ва ўзи билан пичоқ ёки бирор совуқ қурол олган бўлса, жазоламоқчи бўлганларнинг соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин;

- учинчидан, ўзича судлаш бу шунчаки тартибсизлик ва маданиятсизлик бўлиб, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлатда Ҳукумат бундай ҳолатларга қарши кескин курашади. Чунки, ҳар қандай тартибсизлик мамлакатни ривожланишига тўсқинлик қилади, обрўсига салбий таъсир кўрсатади, ва вақтида тўхтатилмаса хаос, яъни бошбошдоқликка олиб келиши ҳеч гап эмас.