22:44 / 20.07.2019
139266

Фото: Тошкент осмони узра «Союз МС-13» миссияли ракетаси парвози кузатилди

Ижтимоий тармоқларда тунги Тошкент осмони узра ёғду сочиб учаётган ноъмалум учар жисм видеоси тарқалди. Кўпчилик бу қандай жисм эканлиги ҳақидаги саволлар исканжасида қолган бўлса ажаб эмас.

Маълум бўлишича, Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромида бугун «Союз-ФГ» типидаги ракета ташувчисига эга, ичида космонавтлар бўлган «Союз МС-13» миссияли ракетаси Халқаро космик станцияси томон учирилган.

Мазкур ракета Бойқўнғир космодромининг биринчи космонавт Юрий Гагарин парвоз қилган «Гагарин старти» деб аталувчи майдонидан осмонга кўтарилган.

РИА Новостига кўра, Миссия экипажи таркибига россиялик космонавт Александр Скворцов, EASA (Европа космик агентлиги) астронавти, италиялик Лука Пармитано ва NASA астронавти Эндрю Морган кирган.

Халқаро космик станцияда уларни шу йилнинг 15 март куни иккинчи уринишда ХКС бортига етиб борган россиялик Алексей Овчинин, шунингдек, NASA астронавти Кристина Кук кутиб турибди.

Янги экипаж бир қатор тажрибаларни ўтказади, уларнинг орасида «Фёдор» робот-аватар синови ҳам бор. Бундан ташқари, ноябрь ойида очиқ коинотга чиқиш режалаштирилган.

Top