Гарчи Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти ҳудудида 6717 км² ҳудудни эгаллаган бўлса-да, Бойқўнғир космодроми ҳам, унга ёндош Бойқўнғир шаҳарчаси ҳам йиллик 115 млн доллар тўлаш шарти билан 2050 йилга қадар Россияга ижарага берилган.

Россиянинг тўлови фақат бундан иборат эмас – космодром фаолиятини молиялаштириб туриш, шаҳарча инфратузилмасини сақлаш ва бошқа қатор лойиҳалар учун Россия ҳукумати йилига 10 млрд рублдан ортиқ маблағ сарфлайди.

Хўш, бунча пул сарфлаш Россияга нима учун керак, аслида бу космик давлатнинг ўз ҳудудида ҳам қатор космодромлари ҳам бор-ку?

Аввало, бунинг тарихий аҳамияти бор. Бойқўнғир космодроми собиқ иттифоқнинг фахри ҳисобланган. Россия эса иттифоқнинг вориси сифатида космодромга эга бўлишни истайди.

Союз-ФГ ракетаси 2012 йил 22 июл / Фото: Роскосмос

Космодром қурилишида бир неча омиллар ҳисобга олинган: географик жойлашув – ён-атрофи саҳро бўлган Бойқўнғир ҳудуди радиолокацион тизимларнинг яхши ишлаши учун қулай. Ўрмонлар, ботқоқлар, йирик сув ҳавзалари ва тоғ тизмалари каби табиий тўсиқлардан холи. Аҳоли жуда сийрак, айнан космодром ҳудуди тинч аҳолидан анча нарида, фавқулодда вазиятларда қурбонлар эҳтимоли кам, шунингдек унумдор ерлардан воз кечиш зарурати йўқ.

Чўл ҳудудида бўлса-да, космодром қурилгунига қадар ҳам темирйўл тизимига эга экани таъминот учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шунингдек, совитиш тизими ва шаҳарча ҳаёти учун зарур чучук сув манбаси бўлган Сирдарёнинг яқинлиги ҳам, йилнинг 300дан ортиқ куни қуёшли бўлиши ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳарбий аҳамият ҳам бор: Бойқўнғир ҳудудидан учирилган ракета 7000 км наридаги Камчаткада жойлашган Кура базасига келиб тушиши мумкин.

Бойқўнғир космодроми ва шаҳарчасининг қурилишини собиқ иттифоқдаги барча халқларнинг кучли иродаси ва катта ютуғи, дея баҳолаш адолатдан бўлади. Бу шунчалик йирик ва мураккаб режа эдики, бир неча йил давомида давлатнинг энг йирик лойиҳаси бўлиб қолди. Ҳатто, Бойқўнғир лойиҳасини беркитиш мақсадида Қозоғистон ҳудудидаги бепоён бўз ерларни ўзлаштириш учун «Қўриқ» («Целина») кампанияси ўтказилган, деган тахминлар ҳам бор.

Лойиҳа устидаги ишлар 1954 йилда бошланди. 1955 йилда эса шартли равишда «Тайга» номини олган ҳарбийлашган ракета қисмлари қурилиши бошланди.