Бугун дунёнинг 17 та давлатида 32 та космодром бор. Улардан ҳар йили 200 га яқин турли космик парвозлар амалга оширилади.

2022 йилда энг кўп парвоз Американинг Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан амалга оширилган – 39 та. Кейинги ўринда Хитойдаги Цзюцюан космодроми, бу ердан 25 та парвоз амалга оширилган.

Донғи дунёга кетган, бир пайтлар жуда кўп космик кемалар учирилган Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан 2022 йилда бор-йўғи 7 та парвоз амалга оширилган. Қуйида Бойқўнғир космодроми тарихи ҳақида сўз юритамиз.

Космодром қурилишидан аввал

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг аввалига атом бомбаси синовдан ўтказилади. Сўнг турли масофаларга учадиган ракеталарнинг синовлари ўтказила бошланади.

Турли синовлар ўтказилар экан, ракеталарни учириш учун махсус жой керак бўларди. СССРда синовлар аввалига Астрахан вилоятида жойлашган Капустин Яр ҳарбий полигонида ўтказилади.

У пайтда ҳали қитъалараро уча оладиган баллистик ракеталар йўқ, фақат қисқа масофаларга учадиганлари синовдан ўтказилаётганди.

Кейинроқ қитъалараро уча оладиган ракеталар синовдан ўтказила бошлангач Капустин Ярдаги синов полигони торлик қилиб қолади. Дастлабки ракеталар синовдан ўтказилгач улар асосида фазога сунъий йўлдош учириш режалаштирилади.

Капустин Яр полигонидаги музе

Шундан сўнг Москвада янги ҳарбий синов полигони қуриш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилади. Мамлакат ҳудудидаги бир қанча жойлар таклифи берилади. Жумладан, Мари АССРда, Доғистонда, Астрахан вилоятидаги Харабали шаҳарчаси яқинида ва Қозоғистон ССР Қизилорда вилоятидаги жойлар кўрсатилади.

Махсус комиссия томонидан барча вариантлар кўриб чиқилиб, Қизилорда вилоятидаги жой танлаб олинади. Бунда жойнинг мамлакат чегараларидан узоқ жойда жойлашгани муҳим аҳамиятга эга эди.

1954 йилда Тошкент-Москва темирйўли линияси яқинида, Жосали ва Тўратам қўрғонлари орасидаги чўлда Бойқўнғир деган жойда янги синов полигони ва космодром қурилиши бошланади.

Бойқўнғирдаги қурилишда ишлаётган мутахассисларнинг аксарияти Капустин Ярда ишлаётган ҳарбий муҳандислар эди. Қурилиш ишлари бир йил давом этади ва 1955 йил 12 январда дунёдаги биринчи космодром қурилиши битади.

Гарчи космодром битган бўлса-да, у 1957 йил 15 майда фойдаланишга топширилади. Ўша йили СССРда дунёдаги биринчи сунъий йўлдош учирилади.