Жаҳон | 19:30 / 21.07.2019
163438
4 дақиқада ўқилади

ОАВда Туркманистон президенти ўлими ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Унинг «ғойиб бўлиши» онасининг аҳволи оғирлашгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин

Фото: Zhao Tsun Hsiung/Reuters

ОАВда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов вафот этгани тўғрисида хабар тарқалмоқда. Бу ҳақда дастлаб «Говорит Москва» Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаевга таяниб хабар берган.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон президентининг ўлими ҳақида Ашхободда ишлайдиган бизнесменлар маълум қилган.

«Бу аниқми, деб сўраганимизда, улар махсус хизматларда ишлайдиган танишлари бу ҳақда айтгани, воқеа Бердимуҳаммедов таътилга чиққанида юз берганини маълум қилишди», деган Рубаев.

5 июлдан кейин омма олдида кўриниш бермаган Гурбангули Бердимуҳаммедов ижод билан машғул бўлиш учун 15 июль куни таътилга чиққани маълум қилинганди.

У 5 июль куни ҳукумат йиғилиши ўтказган ва қатор фармонларни имзолаган. 6 июль куни мамлакатга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини келган, президент эса уни қабул қилмаганди.

Туркманистон президентининг ўлими ҳақида илк хабарлар 20 июль куни араб давлатлари ҳаётини ёритишга ихтисослашган ElMurid телеграм-каналида тарқалганди.

«Свободный Туркменистан» YouTube-канали ҳам Ашхабоддаги мухбирига асосланган ҳолда президент 20 июль куни вафот этгани тўғрисида хабар тарқатган, ўлимга ўткир буйрак етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилганди.

Айни вақтда минтақадаги нашрларнинг барчаси сиёсатчининг ўлими ҳақида фақат биргина манба - эксперт Аслан Рубаевга асосланиб хабар тарқатмоқда ва бу хабар бошқа манбалар томонидан расман тасдиқланмаяпти.

Маълумотлар олиш учун ёпиқ бўлган Туркманистон томони эса тарқалган хабарларга расмий муносабат билдиргани йўқ - маълумот на тасдиқланмоқда ва на инкор этилмоқда.

FreedomHouse Туркманистонни — жаҳондаги ахборот олиш учун энг ёпиқ мамлакатлардан бири сифатида қайд этган, бу мамлакат ҳаёти ҳақидаги норасмий манбалар хорижий нашрларда чиқади. Шу вақтгача «Аркадағ»нинг тиббий ҳолати ҳақида ОАВда расмий маълумот берилмаган.

«Хроника Туркменистана» манбасига кўра эса Туркманистон президентининг «ғойиб бўлиши» унинг онаси Германияга оғир аҳволда олиб кетилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Май ойида ҳам президент вафоти ҳақида хабарлар тарқалган, лекин кейинроқ аслида унинг онаси Огулабат Бердимуҳаммедова оғир хасталикка чалингани ва унга қараш учун Ашхободга туркиялик шифокорлар етиб келгани маълум бўлганди.

«Хроника Туркменистана» хабарига кўра, президентнинг онаси 10 кундан буён Германияда даволанаётган эди.

ОАВ маълумотига кўра, президент самолётини охирги марта 12 июль куни Германия ҳудудида кўришган.

Бердимуҳаммедов 1957 йилда Ашхободда туғилган. У 2006 йил декабрида Сапармурод Ниёзов (Туркманбоши) вафот этгач ҳокимиятга келган - 2007 йил 14 февралида Туркманистон президентига айланган. У 2017 йилги сайловларда 97 фоиз овоз олиб, учинчи муддатга қайта сайланганди. Бу сайловдан олдин эса мамлакат конституциясига ўзгартириш киритилиб, президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилганди.

Тўлдириш: Президент ўлими ҳақида хабарлар тарқалаётган бир маҳалда «Туркменистан: золотой век» нашрида президент тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклагани тўғрисидаги хабар пайдо бўлди.

Мавзуга оид