Жамият | 16:30 / 21.07.2019
9213
2 дақиқада ўқилади

Самарада заҳарланган ўзбекистонликларни даволаш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланади 

Фото: Варвара Гертье

19 июль куни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Фариддин Насриев ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров “Кошелевский посад” корхонасида ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларининг заҳарланиш белгилари билан касалхонага ётқизилиши тафсилотларини аниқлаш учун Самара вилоятига ташриф буюрдилар.

Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари ватандошларимиз даволанаётган В.Д.Середавина номидаги Самара вилояти клиник касалхонасига ва 1-сонли Толятти шаҳар клиник касалхонасига ташриф буюриб, беморлар ҳолидан хабар олдилар, улар билан суҳбатлашдилар. Маълум бўлишича, касалхонада даволанаётган Ўзбекистон фуқароларининг жами сони 69 нафар, жумладан 1 нафар бола бўлиб, улардан уч нафари реанимация бўлимида. Уларнинг соғликлари ҳолати барқарор-оғир. Айни пайтда заҳарланиш сабабларини аниқлаш учун текширув олиб борилмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳудуд, вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари, тиббиёт муассасалари бошлиқлари ва “Кошелевский посад” корхонаси директори билан учрашувлар ўтказилди.

Учрашув ва музокаралар якунларида қуйидаги келишувларга эришилди:

- беморларни даволаш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланади;

- Ўзбекистон фуқароларининг паспорт ва меҳнат патентлари эгаларининг қўлларига топширилади;

- фуқароларнинг овқатланиш ва яшаш шароитларини қўшимча яхшилаш бўйича чоралар кўрилади;

- иш ҳақи миқдорини ошириш масаласи кўриб чиқилади.

Вазият Бош консулхона назоратида турибди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатадики, Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги ҳамюртларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-967-772-66-00.

Эслатиб ўтамиз, 18 июлда Самара вилоятидаги “Кошелевский посад” корхонасида ишлайдиган 68 нафар Ўзбекистон фуқароси “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид