«Тирилиш» (Воскресение)  Лев Николаевич Толстойнинг энг охирги романи. Толстой даҳосининг 10 йиллик меҳнати (1889 ─ 1899) самараси ўлароқ дунёга келган асарда адиб ўз замонасидаги воқеликни тасвирлаган бўлса-да, инсониятнинг барча замонларига хос муаммоларни очиб берган.

Иллюстрация: Борис Пастернак

Сюжет линияси ҳақида

Насаб жиҳатидан дворянлардан бўлган Толстой ўз асарларида, асосан, олий табақа вакилларининг ҳашамдор, кўзни қамаштирадиган жимжимали ҳаётини тасвирлайди. «Тирилиш»да эса бу анъанадан ярим қадам чекинган ҳолда оддий рус халқининг кулранг бўёқли ҳаёти ҳам очиб берилган. Роман князь Дмитрий Иванович Нехлюдовнинг ўзи учун ҳаёт ҳақиқатини кашф этиши тўғрисида.

Князь бойвучча аммаларининг қўлида «ярим оқсоч, ярим асранди» бўлиб катта бўлган Катерина Маслова (Катюша)ни учратиб қолади. Катюша хулқи ҳаминқадар бўлган онадан ва тайини йўқ лўли отадан дунёга келган. Бойвучча графинялар эшигида хизмат қилиб катта бўлади ва кунларнинг бирида ўз бекаларининг меҳмонга келган хушсурат жияни ─ князь Нехлюдов билан тўқнашиб қолади. Аввалига улар бир-бирига маънавий эҳтиёж, пок муҳаббат билан боғланади. Ҳарбий хизматга бориб, «катталар ҳаёти» билан танишгач, Нехлюдов мутлақо бошқача атворга эга бўлиб икки йилдан сўнг қайтади, бу гал Катюшага шаҳвоний ҳирс, жисмоний талпиниш билан қарай бошлайди ва.....уни йўлдан уради. Бу айбини эса қизнинг қўлига 100 сўм тутқазиш билан «ювгандек» бўлади, чунки унинг наздида, «ҳамма шунақа қилади, бу табиий...». Ва қизни ёлғиз ташлаб, ўзининг ҳашаматли ҳаётига ғарқ бўлади.

Бўйида бўлганини англаган Катюша эса боладан «қутулиб олгач» ёмон йўлга кириб кетади, исловотхонада кун кўра бошлади. Кунларнинг бирида англашилмовчилик туфайли савдогарнинг ўлимида айбланиб, суд қилинади. Чархи кажрафторнинг иши билан, бу судда маслаҳатчилар таркибида Нехлюдов ҳам бор эди. Қизни таниган Нехлюдов унинг бу йўлга кириб кетишига ўзининг уни йўлдан ургани сабаб бўлган деган хулосага келади, гуноҳини ювиш учун судья ва маслаҳатчиларнинг ҳафсаласизлиги натижаси ўлароқ ноҳақ каторгага ҳукм қилинган қизни қутқаришга, унга уйланишга аҳд қилади.

Қизни қамоқдан чиқариб олишга ҳаракати давомида ҳибсхоналардаги аҳвол, арзимаган ҳаракат ва бахтсиз тасодиф натижасида қамалганларнинг тақдири билан таниша боради, судья, прокурор, адвокат, терговчи, ҳибсхона раҳбари ─ барчасининг инсонлар тақдирига ўта адолатсиз ва бефарқ қараши, бир матоҳдек муносабатда бўлишига, ночор кишилар ҳаётининг турмада чириб кетиши оддий ҳолга айланганига гувоҳ бўлади. Жамиятда бундай ҳол юзага келишига туртки бўлган факторларни ва айбдорларни излайди, бунинг баробарида ўз шахсиятида ҳам катарсис жараёни кечади.