Жамият | 19:00 / 23.07.2019
29374
7 дақиқада ўқилади

«Ҳокимликка борсангиз бирга суратга тушади холос. Муаммо ҳал бўлмайди». Хива шаҳар ҳокими ушбу ҳолатга изоҳ берди

Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Хива шаҳрида яшовчи тадбиркор Сирожбек Раҳмоновдан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, Хива шаҳри марказидаги деҳқон бозорида уларга қарашли истеъмол товарлари сотиладиган дўконлари бўлган. Бирида ўзлари савдо-сотиқ билан шуғулланса, иккинчиси қийналган бир оилага ижарага берилган. Оилавий даромадлари шулардан иборат эди. 2017 йил бошларида улар Тошкент шаҳрига иш билан кетган чоғларида дўконлари бузиб ташланган. Бу воқеалардан кейин бир йилгача сабр билан янги жой берилишини кутишган. Бу вақт ичида ҳеч қандай ижобий натижа бўлмаган.

2019 йилнинг январь ойидан бошлаб шаҳар ҳокимияти, прокуратура, адлия ва бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишни бошлашган. Бузиш вақтида президент дастурига туширилган деган важларни кўрсатишган. Бироқ компенсация, ер ажратиш ва бошқа масалалар ҳадеганда ижобий ҳал бўлавермаган. Охирги марта шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган вақтида уларга атрофида деярли ҳеч ким яшамайдиган, шаҳар марказидан чекка бўлган ҳудуддан ер ажратиб бериши мумкинлигини айтишган. Улар эса бундан норози. Бундай чекка жойда тадбиркорлик қилишнинг иложи йўқлигини таъкидлашмоқда.

«Ҳокимликка борсангиз сиз билан суратга тушади. Бир неча километр йўл босиб Гурлан шаҳридаги вилоят ҳокимининг қабулига бордим. Боравер, кейин ҳал қиламиз деди. Ижобий натижа эса йўқ. Суратимиз учрашганимизга, улар мурожаатни ўрганганига далил бўлса керак-да. Ундан кўра, тадбиркорлигимни давом эттиришим учун ер майдони ажратиб беришсин», - деб ўз норозилигини ифодалади Сирожбек Раҳмонов.

Сирожбек Раҳмонов

Шундан сўнг, изоҳ олиш мақсадида, Хива шаҳар ҳокими Сабир Жуманиязов қабулига бордик. Шаҳар ҳокими бўлаётган ҳолат юзасидан ўз тушунтиришларини бериб ўтди.

Маълум бўлишича, Ичанқалъа ҳам, Дишанқалъа ҳам туризм салоҳиятини кенгайтириш учун катта қурилиш майдонига айлантирилмоқда. Дишанқалъанинг умумий майдони 250 гектарни ташкил қилади. Унда 54 та маданий мерос объекти бор. Келаётган туристларни шаҳарда янада кўпроқ ушлаб туриш учун Хиванинг меъморий қиёфасини аввалги кўринишга келтириш ишлари олиб борилмоқда.

«Ўтган йили Дишанқальа яқинида вокзал қурилди. Кейинги йили «Афросиёб» поездини олиб келиш режалаштирилган. Тошкентдан Хоразмгача бу турдаги поездлар орқали 6 соатда келиш мумкин бўлади. Бу ҳам туристлар сонини кўпайишига хизмат қилади. Ўтган йили 67 минг нафар хорижий турист келган бўлса, бу йил 6 ой ичида улар сони 122 минг нафарга етди. Асосий мақсад яқин йиллар давомида уларнинг сонини 1 миллионга етказиш. Халқимизни боқадиган туризмдан бошқа асосий ечим йўқ. Туризмни ривожлантириш орқали шаҳар ҳаётини яхшилашимиз керак. Меҳмонхоналар қурилишини ҳам кўпайтирамиз. Чунки туристлар сони ортса, уларни қабул қилиш учун жойларимиз етарли бўлиши лозим.

Темир йўл вокзалидан Ҳазорасп дарвозасигача хиёбон, 7 та меҳмонхона, савдо ва  хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Ҳозирги кунда дарвозадан ичкаригача бўлган ҳудудларда ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Қолган қисмида қурилиш қилиш учун БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти билан келишишимиз керак. Чунки маданий мерос объектларининг ҳимоя ҳудуди бор. У ерда таъмирлаш ёки қурилиш ишларини олиб бориш учун улар билан келишиш лозим. Яна шаҳар ҳудудида парк, президент мактаби ва шарқона типдаги бозорлар қуришни режалаштирганмиз. Аввал бузилган буюм бозори мана шу ҳудудда бўлган.

Иккинчи бузилган бозоримиз деҳқон бозори эди. Бу бозор бузилишининг иккита сабаби бор. Биринчи сабаби бир муддат аввал археологик қазув ишлари олиб борилди. Натижада «Саид Ниёз шоликор» масжиди ёнида Раҳимқулихон мадрасасининг қолдиқлари чиқди. Аввал мансабдорлар бу ерни ўрганмасдан устига бозор қуриб ташлашган. Бу ҳудуд ва унинг атрофида бузиш ва қурилиш ишлари давом этмоқда.

Ҳозирда «Сангар» маҳалласида буюм бозори қурилиши бошланган. Ёнида 4 гектар ер майдони мавжуд. Шу ерга замонавий кўринишга эга деҳқон бозори қурилиши режалаштирилган. Тадбиркорлар билан иккала бозор ҳам бир жойда қурилишига келишдик. Бир-икки ойдан кейин деҳқон бозори қурилиши ҳам бошланади. Қурилиш бошланганидан кейин, эски деҳқон бозорида кимнинг мулки бўлган бўлса, уларни шу янги деҳқон бозорига жойлаштирамиз. Бу - биринчи таклифимиз.

Агар тадбиркорлардан ким рози бўлмаса, янги ер ажратиб беришимизни хоҳласа, «Обод маҳалла» дастурига тушган «Дўстлик», «Сангар» ва «Тозабоғ» маҳаллаларидан (инфратузилма объектлари қуриш учун) уларга ер таклиф этяпмиз.

Тадбиркорлардан ажратиладиган ер йўлнинг устига яқин бўлсин деган таклифлар тушмоқда. Буларни ҳам ҳисобга олишни режалаштирганмиз. Агар тадбиркор хўп деса, кейинги йили қуриб битказилиши режалаштирилаётган бозордан жой берамиз. Рози бўлмаса, бўш бўлган шу учта маҳалла ҳудудидан ер ажратишимиз мумкин. Лекин келишув шартномаси имзолаймиз. Фақат биттасини танлаши зарур», - деди шаҳар ҳокими Сабир Жуманиязов.

Суҳбат якунида ҳоким шахсан ўзи бўш турган «Дўстлик», «Сангар» ва «Тозабоғ» маҳалласи ҳудудларидан ер кўрсатишга ваъда берди. Шунингдек, уни сарсон қилган қўл остидаги ходимларига етарли чора кўришини билдирди.

«Мен сизларнинг кўмакчингизман. Олдингизга тушиб югуриб юриб ёрдам бераман. Мендан «бор кўчага» ёки «ишингни қил» деган сўзларимни эшитганмисиз? Эшитмайсиз ҳам. Ҳамма вақт ёнингиздаман. Муаммо бўлмайди. Ҳужжатларингизни бизга топширинг», - деди шаҳар ҳокими.

Давлат раҳбарининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат идоралари халққа, жумладан, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиши зарурлиги ҳақида таъкидлади.

Шаҳар ҳокими Сабир Жуманиязов тадбиркор муаммоси тез орада бартараф этилишига ваъда берди. Ўйлаймизки, унинг муаммоси тез орада бартараф этилиб, унга тегишли мулк ҳокимият томонидан ажратилади, адолат ўрнатилади ва тадбиркор ўз фаолиятини давом эттиради. Ҳокимиятга Ҳукуматнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори асосида «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида» низомини эслатишимиз шарт бўлмаса керак.

Kun.uz ҳозирча воқеалар ривожини кузатади.

Зафарбек Солижонов журналист,
Мирраҳимов Мирвоҳид тасвирчи

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид