Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сирдарёда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказмоқда
Маълумки, жорий йилнинг 18 июль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрганида қатор топшириқлар қатори, вилоятда истиқомат қилувчи аҳолини малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш бўйича топшириқлар берган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 22 июль кунидан «Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!» шиори остида вилоят аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ушбу йирик ижтимоий тадбирдан асосий мақсад, биринчи навбатда, ҳудуддаги аҳоли ўртасидаги статистик маълумотлар ҳаққонийлигини аниқлаш, иккинчидан, сурункали кечувчи – кардиологик, эндокринологик, дерматологик, неврологик, гинекологик, урологик сингари бир қанча йўналишдаги хасталиги мавжуд беморларни диспансер назоратига олиш ва шу аснода уларни бирламчи тиббий профилактика назоратидан тортиб, профилактикасини тўлақонли ўтказишга қаратилган. Учинчидан эса, ушбу тадбирда малакали мутахассислар билан бирга аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда фаол иштирок этаётган маҳаллий шифокорлар бир вақтнинг ўзида ўз билим кўникмалари ва тажрибаларини янада ошириш имкониятига ҳам эга бўлмоқдалар.
Бундай кўрикларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, аҳоли ўз ҳудудидан чиқмаган ҳолда республика даражасидаги сифатли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш имкониятидан баҳраманд бўлмоқда. Агар бир беморда бир неча турдаги касаллик мавжуд бўлса, у айни йўналишдаги тор соҳа мутахассислари иштирокида шу ернинг ўзида консилиум асосида муолажа тайинланмоқда.
Ўтказиладиган кўрикларнинг сифат ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар директорлари, академиклар, илмий-текшириш институтлари, нуфузли республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари, тиббиёт фанлари докторлари ва юқори малакали шифокорлари бошчилигидаги кардиолог, эндокринолог, акушер-гинеколог, дерматовенеролог, педиатр, терапевт, травматолог, аллерголог, хирург, невропатолог, офтальмалог сингари йигирмага яқин тор соҳада фаолият кўрсатаётган 100 нафар атрофидаги мутахассислардан иборат гуруҳлар вилоятнинг энг чекка ҳудудлардаги пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертиль ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Кўриклар давомида мутахассислар ҳар бир мурожаат қилувчига алоҳида эътибор қаратиб, тўшакда ётиб қолган қариялар ва беморлар ҳолидан хонадонларга бориб хабар олишмоқда. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланади. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида ўрнатилган тартибда соғломлаштирилади.
Ҳудуд аҳолисига малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштириш мақсади ташкил этилаётган кўриклар давомида мутахассислар ҳар бир мурожаат қилувчига алоҳида эътибор қаратиб, уларга зарур тавсия ва амалий ёрдамларини кўрсатишмоқда.
«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган йил давомида Сирдарё вилоятида 21та муассасада (ҚОП, ҚВП ҳамда даволаш профилактика муассасларида) қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида эса соғлиқни сақлаш тизимидаги 11та муассасада таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда ҳам «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 17та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
«Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!» шиори остида ўтказилаётган тадбирлар доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликлар олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ва мулоқотлар ҳам олиб борилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Мавзуга оид
18:34 / 01.08.2023
Корея банки Ўзбекистонни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасига 74 млн доллар ажратади
09:27 / 31.07.2023
Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиали ташкил этилади
09:50 / 21.07.2023
АҚШ компанияси Ўзбекистон тиббиёт соҳасига сармоя киритишни режалаштиряпти
09:08 / 10.07.2023