Жаҳон | 17:00 / 24.07.2019
9284
4 дақиқада ўқилади

Дунё бўйича 3.5 миллиард одам оғиз бўшлиғи касалликларидан азият чекмоқда

Фото: Alamy

Олимлар инсоният тиш  саломатлиги юзасидан радикал ислоҳотга муҳтож эканлиги ҳақида айтишмоқда. Уларнинг фикрича, шакар саноати устидан қаттиқ назорат ўрнатилиши ва тиш саломатлиги бўйича қилинаётган изланишлар билан одамларни яхшироқ таништириш орқали оғиз бўшлиғи касалликлари муаммосини бартараф этиш мумкин.  

Бугун дунё бўйича жами 3.5 миллиард одам оғиз бўшлиғи касалликларидан азият чекмоқда, дея маълумот беради guardian нашри Халқаро саломатлик уюшмасининг Lancet тиббиёт журналидаги мақолаларга таяниб. 

Ер юзининг қарийб 50 фоиз аҳолисига хавф солаётган оғиз бўшлиғи касалликлари тиш емирилиши, ичак касалликлари ва оғиз бўшлиғи саратони  каби соғлиқ учун бир қатор  хавфли касалликларни ўз ичига олади. 

Айни дамда  тиш емирилиши дунёда энг кўп учрайдиган ҳолат бўлса, лаб ва оғиз бўшлиғи саратони эса кенг тарқалган 15 та саратон турларидан бири ҳисобланади. 

«Стоматология соҳаси айни пайтда инқироз ҳолатига келиб қолган. Мавжуд стоматологик даво тизими ва халқ соғлиги назорати ўта адолатсиз шароитда қолмоқда. Бу дегани кимлардир яхши шароитда, кимлардир эса ёмон  аҳволда қолаётганини англатади. Нархлар эса қиммат. Миллиардлаб одамларнинг ҳатто энг асосий оғиз бўшлиғи даво хизматидан фойдаланиш имкони ҳам йўқ», дейди Лондон университетининг жамоат стоматологик саломатлиги бўйича консультанти ва Lancet журналидаги тўплам мақолаларнинг етакчи муаллифи Ричард Ватт.

Ричард Ваттнинг фикрича, гарчи бу муаммоли вазият индивидуал стоматология клиникаларининг беморларга хизмат кўрсатиши билан боғлиқ хато бўлмаса-да, оғиз бўшлиғи касалликларига самарали ечим учун бутунлай янгича чора керак. 

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Буюк Британия каби иқтисоди бой давлатларда бунинг учун юқори технологиялардан фойдаланиш асосий мақсад қилиб қўйган. 

Бироқ шакарли ичимликлар тиш саломатлиги учун хавф даражасини кундан кунга оширмоқда. 

Масалан,  Coca cola ўз маҳсулотларининг биргина Африкадаги  маркетинги учун 2020 йилгача 12 миллиард АҚШ доллари сарфлашни мақсад қилган. Ваҳоланки, Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) 2017 йил бир йиллик умумий бюджети 4.4 миллиард долларни ташкил қилган.

«Шакар истеъмоли - тиш емирилишининг энг биринчи сабаби. Буюк Британия аҳолисининг рационида эса шакар  жуда катта фоизни ташкил қилади. Бу Саломатлик департаменти ва ЖССТ белгилаган меъёрдан баланд», дея ташвишланарли ҳолат хусусида чуқурроқ тўхталиб ўтади Ричард Ватт.

«Аҳволнинг ёмонлиги шу даражадаки, ҳатто чақалоқлар учун мўлжалланган турли озиқ-овқат ва ичимликларда ҳам шакар фоизи жуда юқори. Оқибатда эса кичкинтойлар илк ривожланиш ёшиданоқ ширинликларга ўч бўлиб улғайишмоқда. Агар биз тиш касалликларини илдизи билан йўқотмоқчи бўлсак, аввало, шакарли озиқ-овқат ва ичимликлар маркетингини маълум маънода чеклашимиз, қонунчилигини тартибга солиш ва назоратини кучайтириш ишларини олиб боришимиз керак», деб ўз мулоҳазаларини билдиради Калифорния университети ходими Кристин Кеарнс ва Сидней университети ходими Лиса Беро.

«Саноат таъсири ҳақидаги далиллар асосий озиқ-овқат ва ичимлик брендларининг стоматологик тадқиқот ташкилотлари билан молиявий ҳамкорлик ўрнатиши кераклигини кўрсатмоқда. Чунки мана шу йўл билан уларнинг оғиз бўшлиғи гигиенаси кўрсатмаларига мос ва саломатлик учун фойдали тиш пасталари ҳамда  шакарсиз сақичлар, каби зарарни камайтирадиган савдо лойиҳалари амалга оширишларига эришиш мумкин». 
 

Мавзуга оид