Иқтисодиёт | 13:13 / 24.07.2019
4656
2 дақиқада ўқилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан 9 та топшириқнинг 4 таси бажарилмаган - Сенат

2019 йил 24 июль куни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши белгиланган мақсадли вазифалар ижро этилиши бўйича ҳисоботи эшитилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Мажлисда қайд этилганидек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги халқаро ишбилармонлик доираларида истиқболли инвестиция лойиҳаларининг тақдимотларини мунтазам равишда ўтказмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида амалга оширилган ишлар натижасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг энг талабгор йўналишларида 5,3 млрд. доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

2019 йилда вазирлик зиммасига 41 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, шундан 9 та топшириқни бажариш муддати 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан Қўмита томонидан ўтказилган таҳлил натижасида 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида баҳолаш асосий мезонларидаги ижро этилиши лозим бўлган 9 та топшириқнинг 4 таси бажарилмаганлиги маълум бўлди.

Жумладан, вазирлик томонидан 140 та йирик ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш юзасидан инвестиция лойиҳаларининг “йўл хариталарини” ишлаб чиқиш белгиланган бўлса-да, ҳозирги кунда бор йўғи 40 та лойиҳа ишга туширилганлиги аниқланди.

Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо мамлакатларнинг кредит таваккалчилигини таснифлашда Ўзбекистоннинг позициясини тарғиб қилиш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш, мамлакатимизнинг мазкур нуфузли халқаро тузилма рейтингидаги ўрнини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тайёрлаш ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш борасидаги ишларда сусткашлик кузатилмоқда.

Мавзуга оид