Жаҳон | 22:59 / 24.07.2019
15277
2 дақиқада ўқилади

Нидерландиялик ва америкалик таниқли актёр Рутгер Хауэр вафот этди

Голливуд фильмларида суратга тушган нидерландиялик таниқли актёр Рутгер Хауэр ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда актёр агентига иқтибос келтирган ҳолда Variety нашри хабар берди.  

Таъкидланишича, 75 ёшли актёр узоқ давом этмаган касалликдан кейин Нидерландиядаги уйида 19 июлда вафот этган. Унинг дафн маросими бир неча кундан кейин бўлиб ўтди.  

Хауэр 1944 йил Амстердам яқинидаги Брекелен шаҳарчасида дунёга келган. Актёрлик фаолиятини 1960-йиллар охирида бошлаган ва “Флорис” телесериалидан кейин машҳурликка эришган.

Актёр узоқ йил давомида режиссёр Пол Верховен билан ҳамкорлик қилган ва дўст тутинган. У Верховеннинг бир нечта фильмида суратга тушган. Актёр, шунингдек, “Тиғ устида югурувчи”, “Ҳамроҳ”, “Аждодлар чорлови”, “Сўқир ғазаб”, “Бэтмен: Ибтидо”, “Гуноҳлар шаҳри” каби фильмларда роллар ижро этган. 1988 йилда “Собибордан қочиш” мини-сериалидаги иккинчи пландаги роли учун нуфузли “Олтин глобус” мукофот билан тақдирланган, 1999 йилда ватанида “Юз йилликнинг энг яхши актёри” номига сазовор бўлган.

Унга режиссёр Ридли Скоттнинг “Тиғ устида югурувчи” фильмидаги роли энг катта машҳурлик келтирган.

Хауэр 150 дан кўпроқ фильмда суратга тушган. Бундан ташқари, у ўзини сценарийчи, продюсер ва режиссёр сифатида ҳам синаб кўрган.

Мавзуга оид