Жамият | 22:20 / 24.07.2019
7461
3 дақиқада ўқилади

Раддия – Давлат тест марказига оид мақола бўйича

2018 йил 22 сентябрь куни Kun.uz интернет нашрида Зафарбек Солижонов муаллифлигида «Давлат тест маркази судда ютқазди. Энди абитуриент талаба бўла оладими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Ушбу мақола Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи Мухлиса Ахмадуллаеванинг Наманган Давлат университети «Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили йўналиши»га ўтказилган имтиҳонлар натижаларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатига асосан ўтказилган журналистик текшируви якунларига кўра нашр қилинган эди.

Мақолада аризачининг Давлат тест маркази хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги шикояти Сергели туман маъмурий судининг 2018 йилнинг 19 июлдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилгани, Давлат тест маркази томонидан тақдим қилинган саволлар китоби ва жавоблар варақаси ҳақиқий эмас деб топилгани ҳамда Давлат тест маркази зиммасига шикоятни қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилгани ҳақида сўз юритилган.

Мақола эълон қилингандан сўнг мазкур масала тегишли тергов органи томонидан ўрганиб чиқилиб, тергов ва суриштирув ҳаракатлари натижасида абитуриент Ахмадуллаева Мухлисага тегишли тест материаллари сохталаштирилмагани, тест материалларидаги ёзувлар айнан М.Ахмадуллаева томонидан бажарилгани аниқланган.

Бундан ташқари, юқори турувчи суд инстанцияси томонидан Сергели туман маъмурий судининг 2018 йилнинг 19 июлдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, маъмурий иш янгидан кўрилиши учун туман маъмурий судига қайтарилган. М.Ахмадуллаева суд томонидан тегишли тартибда огоҳлантирилишига қарамасдан суд мажлисига келмаган. Аризачи М.Ахмадуллаева суд мажлисига келиб ўз аризасини қувватламагани сабабли маъмурий ишни кўриш тугатилган.

Ушбу ҳолатдан кўринадики, М.Ахмадуллаеванинг унга тегишли тест материалларининг сохталаштирилгани, тест материалларидаги ёзувлар у томонидан бажарилмагани ҳақидаги важлари асоссиз экани аниқланган.

Шунга кўра, kun.uz саҳифасидаги М.Ахмадуллаеванинг мурожаати бўйича чиқарилган мақола,  жиддий журналистик текширув амалга оширилмасдан, ҳолат атрофлича ўрганилмасдан, ушбу масала бўйича Давлат тест марказининг фикр-мулоҳазалари тингланмасдан эълон қилинганини инобатга олиб, таҳририят Давлат тест маркази раҳбарияти ва жамоасидан расман узр сўрайди.

Kun.uz сайти Давлат тест маркази билан мунтазам ҳамкорликка умид билдириб қолади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид