ОТМга кириш имтиҳони қачон бошланади? Минимал ўтиш балли ошириладими? Натижаларни ҳисоблашда мактаб баҳолари инобатга олинадими? Kun.uz шу каби саволлар билан Олий таълим вазирлиги ҳамда БМБА (собиқ ДТМ) расмийларига юзланди. Суҳбат давомида айни кунларда аксарият абитуриентларни қизиқтираётган энг муҳим масалаларда жавоб берилди.

5 июндан Ўзбекистон олийгоҳларига кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди. Айни кунларда қабул давом этяпти. 25 июнда якунланади.

Kun.uz шу кунларда қабул жараёни қандай кетаётгани, имтиҳон қай тартибда ўтказилиши каби масалаларда расмийлар билан жонли эфир форматида интервю ўтказди.

Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таълим сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Абдусамат Маманазаров, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тест синовларини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи Жамшид Одилов ҳамда тест технологияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зафар Олимбеков иштирок этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

Қабулда “аввал тест, сўнг танлов” тамойили

2024 йилдан президентнинг 81-сонли фармони билан қабул “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ўтказилмоқда. Жамшид Одиловга кўра, бунинг натижасида рўйхатга олиш муддатлари ҳам ўзгарган.

Айрим абитуриентларимизда саволлар бўляптики, “20 июндан 20 июлгача бир ой бўларди, ҳозир муддатини қисқартириб қўйгансизлар” деган мурожаатлар ҳам бўлади. Аслида ундай эмас, ҳозир рўйхатга олиш икки қисмга бўлинган. Биз биринчи босқич, иккинчи босқич деб айтамиз.

5 июндан 25 июнгача бўлган жараён бу – биринчи босқич. Бу – тест синови учун энг минимал маълумотларни киритиш керак бўлган босқич. Бунда абитуриентларимиз тест синови топширадиган фанлар мажмуасини, тест синовини қайси тилларда топширишини ва қайси ҳудудда тест синовида иштирок этишини танлашади. Агар улар алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига топширадиган бўлса, уларга касбий-ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналиш билан бирга касбий-ижодий имтиҳонни топшириш қулай бўлган олий таълим муассасасини ҳам танлаш имконияти берилди.