Жамият | 20:27 / 25.07.2019
28050
9 дақиқада ўқилади

Экологияга шафқат! Дарахтлар кесилмасин, жониворлар хорланмасин...

ОАВ орқали дарахтларнинг кесилаётгани ҳақида серияли хабарлар бериляпти. Ўзига хос “тренд”га айланган ушбу салбий ҳолат жамоатчилик томонидан қаттиқ танқид остига олинса-да, бу иллатни бутунлай йўқотиб бўлмаяпти. Фуқаролар табиатга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлишяпти. Бу ҳам етмаганидек, жониворларга очиқчасига тажовуз қилинаётгани вазият ҳақиқатан ҳам оғриқли эканлигини исботлаб турибди. Хўш, одамлар табиатга нисбатан нега бундай муносабатда бўлмоқда? Муаммонинг илдизи балки экологик таълимнинг жуда суст олиб борилаётганидадир? Умуман олганда, Республикада экологик таълимнинг ҳолати қандай? Ушбу мавзуга қатор мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

“Таълим тизимига зудлик билан экология фанларини киритиш зарур... (Наргис Қосимова, филология фанлари номзоди, доцент, экожурналист)

“Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бор. Фарзанди қўлидаги чиқиндини дуч келган жойга улоқтирса, дарахтнинг шохини синдирса, жониворларга озор берса, аксари ҳолатда, ота-оналар индашмайди, танбеҳ беришмайди. “Болалигига боради-да...”, деб қўя қолишади. Кўчада индамай ётган ит ёки мушукни узоқдан кўришса, “Борма, тишлайди, тирнайди...”, деб жониворга талпинган гўдакда уларга нисбатан адоват ҳиссини уйғотишади. Ўрнак бўлиш ўрнига, гоҳида ўзлари қўлидаги сигарет қолдиғи, музқаймоқ қоғози, ичимлик идиши ёки шишасини дуч келган жойга ташлашади.

Бугун зудлик билан мактабгача таълим, ўрта, ўрта-махсус, олий таълим тизимига – қайси йўналиш бўлишидан қатъи назар, экология фанларини киритиш зарур. Чунки айнан экология ҳаётимиз, келажагимиз демакдир. Тўғри, ўрта таълим тизимида “Табиатшунослик”, “Экология” фанлари бор. Аммо уларнинг соати камлиги, шунингдек, мазкур фанлардан айнан мутахассисларнинг дарс ўтмаслиги етарли натижани бермаяпти.

Сингапур тажрибаси экологик таълим нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатиб туради: жамият болалар тарбияси юзасидан муаммоларга дуч келганида мамлакат бош вазири Ли Куан Юнинг ўтказган ислоҳотлари натижасида мактабларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига меҳрни кучайтириш борасида экология дарслари сони оширилди. Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган ота-оналарни уларнинг ўз фарзандлари уялтира бошлади. Сингапурда айнан уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш борасида кампаниялар бошланди. Натижада болалар ва ўсмирлар амалга ошираётган жиноятлар сони кескин камайди. Шунинг учун кўрилаётган чоралар, шу жумладан, қабул қилинаётган қонунлар, тарбиявий усуллар ҳайвонларга, ўсимликларга, балки бутун табиатга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссини шаклланишига хизмат қилиши керак.

“Қонун талаблари қониқарли даражада бажарилмаяпти” (Экологик партия бўлим бошлиғи Эркин Омонов)

Ўзбекистон Республикасидаги барча турдаги таълим муассасаларида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг

4-моддасида назарда тутилган экология ўқувининг мажбурийлигига оид талаблар етарли даражада бажарилмаяпти. Таълим тизимида амалда бўлган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари мазмунан экологик билим, кўникма ва малака билан зарур даражада бойитилмаган. Ҳозиргача экологик таълим-тарбия йўналишида илғор миллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда улар асосида таълим олувчиларда экологик маданиятни шакллантиришнинг аниқ параметрлари ишлаб чиқилмаган.

Экологик таълим-тарбияга оид электрон услубий воситаларни яратиш ва инновациялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш юзасидан аниқ таклифлар йўқ.. Таълим соҳасидаги ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари

экологик таълим тизимини такомиллаштириш борасидаги амалий ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ўқитувчи-мураббийларнинг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминловчи ўқув материаллари, шу жумладан, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид ўқув қўлланмалари, ўқувчи ва талабалар учун зарур бўлган дарсликлар етарли эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги 434-сонли қарорига мувофиқ, Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Концепциянинг аниқ мақсадларидан бири экологик таълимни мактаблардан бошлаб то олий таълимгача тўлиқ қамраб олишдир.

“Бугун сингдирилган билим келажакда эътиқодга айланади” (Навоий шаҳридаги 11-ИДУМ бошланғич синф ўқитувчилари Шаҳло Муродова ва Шаҳло Кенжаева)

Болаларни табиат дунёсига олиб кириш, атроф-муҳит муаммолари билан таништириш орқали уларда ҳақиқат, сезги, софлик, бардош, раҳмдиллик, ташаббускорлик, мардлик сифатларини очиш ва кучайтириш мумкин. Атроф-муҳит тўғрисидаги керакли билимни шакллантириш, айниқса, мактаб ёшида ўз таъсирини кўрсатади. Бола бошланғич синфда ўқиётганлигида ўзи яшаётган дунёга бўлган муносабат пойдевори қўйилади, ахлоқий мўлжали шаклланади. Ўшанда орттирилган билимлар келажакда мустаҳкам эътиқодга айланади.

Дарс жараёнида назарий ва амалий материалларни ўзлаштиришнинг ноанъанавий ёндашувлари, ижодий мунозаралар, тақлидий ўйинлардан фойдаланиш лозим. Бошланғич синф ўқувчиларида сезги аъзолари ёрдамида табиий объектлар билан мулоқот қилиш қобилиятини юзага чиқариш, кузатув пайтида ҳодисалар, табиат қонуниятини ўрганишда зеҳни, тасаввури ва фикрлашини ривожлантириш натижасида табиатга бўлган меҳр, уни асраб-авайлашга ўргатиш мумкин.

“Дарслардан ташқари табиат қўйнига чиқиб амалий машғулотлар ўтказардик” (Гарвард тиббиёт мактаби тадқиқотчиси Жамшид Жамбулов)

АҚШ элчихонаси томонидан ташкил қилинган FLEX (Future Leaders Exchange Program) дастурининг ғолиби бўлганман ва бир йил давомида америкаликлар оиласида яшаб, таълим олиш, маданиятни ўрганиш имкониятини қўлга киритдим. Ўша ердаги мактабда хорижлик тенгдошларим қатори таҳсил олдим. У ерда экологик билимлар назариядан ташқари, амалий тарзда ҳам ўқитилади. Масалан, биз дарсдан ташқари ўқитувчимиз билан яқин жойдаги кичик сув ҳавзаси атрофлари ёки йўл четида биргаликда тозалик ишларини олиб борардик. Бундан ташқари, ўша ерларда пластмассанинг анча пайт чиримаслиги, унинг зарарлари тўғрисида қичик экспериментлар ўтказардик. Гуруҳларга бўлиниб, чиқиндиларни турларга ажратиб, махсус қутиларга солишни ўрганардик.

“Экологик таълим алоҳида фан негизида ўқитилмайди” (Республика таълим маркази “Таълим сифати ва баҳолаш бўлими” методисти Барно Абдувоҳидова)

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 1–11-синфлар учун фанлар таркибида ўқитиладиган экологик мавзулар қайтадан ўзгартирилди, соатлари кўпайтирилди. Умумий ҳисобда олганда, 5-9 синфларда ижтимоий фанлар ичида 22 та экологияга оид мавзулар бор.

Келгусида белгиланган вазифалар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтаман. Улар қуйидагилар:

- БМТ дастурларини ривожлантириш марказининг “Иқлим ўзгаришлари” лойиҳасига асосан Ўзбекистондаги координаторлар ёрдамида Тошкент шаҳридаги 9, 26, 118-мактабларида “Иқлим қутичаси” ўқув-методик қўлланмасини тажриба-синовдан ўтказиш;

- Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида атроф-муҳитни ҳимоя қилишга оид “Қушлар - бизнинг дўстимиз”, “Томчи сувда ҳаёт жилваси”, “Гуллар байрами” йўналишида кўрик-танловлар ўтказиш тизимини такомиллаштириш, мактабларда ботаника боғи бурчакларини ташкил қилиш;

- Фан ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши экологик қўлланма муаллифи” танловини Экология ва атроф-муҳитни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ўтказиш. Бу бўйича низом ишлаб чиқиш ва уларни қўмита маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш;

- БМТнинг “Иқлим ўзгаришлари” лойиҳаси доирасида ўқувчилар ўртасида “Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш”, “Иқлим ўзгаришлари ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш” мавзуларида кўрик-танловлар ўтказиш;

- Республика экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда умумий ўрта таълим мактаблари ахборот-ресурс марказларига “Қизил китоб”нинг барча нашрларини етказиб бериш.

Хулоса қилиб айтганда, таълим беришнинг назарий асослари қониқарли даражада, аммо амалий жиҳатларига кўпроқ аҳамият берилиши керак. Мактабларда жонли табиат бурчаклари, ТВда экологияни асраш борасида бот-бот бериладиган ижтимоий роликлар самараси жуда кам. Буларнинг барчаси ташқи тарафдан берилаётган таъсирлардир. Ўқувчилар табиатнинг бир бўлаги эканликларини ўзлари ҳис қилишлари зарур. Бунинг учун амалиётга кўпроқ эътибор қаратган маъқул. Масалан, мактаб майдонида полиз маҳсулотларини етиштириш, турли фойдали ўсимликларни ўстириш, мактаб боғини ташкил қилиш кабилар. Экологик таълим бугунги куннинг долзарб мавзусига айланди. Юқоридаги дилни хира қилувчи ҳолатлар яна рўй бермаслиги учун бугундан ҳаракатни бошлаш лозим.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид