Навоий гарнизонида кучишлатар бўлинмалар ҳамкорлигида тунги махсус машғулотлар ўтказилди
Жорий йилнинг 23-24 июль кунлари илк маротаба Марказий ҳарбий округига қарашли Навоий гарнизонида Қуролли Кучлар куч тузилмалари билан ҳамкорликда тунги машғулотлар ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов раҳбарлигида ўтказилган тунги амалий машғулотларда Навоий шаҳри хавфсизлиги учун масъул вазирликларнинг махсус ва тезкор бўлинмалар жалб этилди.
Дастлаб ДХХ ва Ички ишлар вазирлиги тезкор бўлинмаси томонидан кечки соат чамаси 20:15да ноқонуний қуролланган кичик гуруҳ Навоий шаҳри марказий кўчаларидан Беруний кўчасига томон енгил машинада ҳаракатланиб, “Керан зит” ишлаб чиқариш заводи биносига жойлашгани маълум қилинди. Шу билан бирга, қуролли кимсалар қайси чегара ҳудудидан ўтганлиги, шахси ва тайёргарлиги ҳақида тезкор маълумотлар аниқланди. Бинога хавфсиз кириш йўллари разведка қилинди.
Тез фурсатда Мудофаа, Ишчи ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия таркибидан йиғма махсус отряд тузилди. Улар 3 гуруҳга бўлиниб ҳаракатланиши келишиб олинди.
Махсус бўлинма шахсий таркиби тезкор вазифаларга киришди. “Тигр” номли енгил зирҳланган техникалар, замонавий қуроллар, мўлжал кўрсатувчи лазер, тепловизор воситаси (яъни инсон танасидан чиқаётган иссиқликка қараб, бинода қанча одам жойлашганини кўрсатувчи мослама), ҳар бир ҳарбий хизматчи ҳаракатини онлайн тарзда узатиб турадиган мослама, қуролларга ўрнатилган махсус тунги оптик асбоблар шай ҳолатга келтирилди.
Махсус йиғма отряд тақиб қилинаётган гуруҳга дастлаб келишув йўли таклиф қилинди. Рад этилгач, “Кобра” усулида штурм қилиниши бўйича кўрсатма берилди. Яъни бинонинг тепа қисмидан махсус учлик ҳамда ён ва пастки қисмидан қуршовга олиш гуруҳи ҳаракатланиб, қидирувда бўлган шахслар ўртада қўлга олинади. Қўмондонлик томонидан махсус операцияни кузатиш учун бино яқинида махсус жой жиҳозланди.
Мазкур амалий ўқувда Ички ишлар вазирлиги тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди шартли душманни тезкор қўлга олиш бўйича алоҳида жонбозлик кўрсатди.
24 июль куни Марказий ҳарбий округ қўмондони томонидан кучишлатар тузилмалар раҳбарлари билан тунги машғулот якуни ўтказилди. Йўл қўйилган камчиликлар ва ютуқлар эътироф этилди.
Мавзуга оид
13:31 / 22.11.2024
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024