Ўзбекистон | 21:50 / 25.07.2019
5680
2 дақиқада ўқилади

Навоийга қуёш электростанциясини қуриш бўйича хорижий компаниялар вакиллари ташриф буюрди

Ўзбекистонда қуёш электростанциясини илк маротаба давлат-хусусий шериклиги асосида қуриш режалаштирилмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Навоий вилояти танланган бўлиб, 100 мегаватт қувватга эга бўлган қуёш электростанциясини қуриш ва ишлатиш учун инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида Халқаро молия корпорацияси (IFC) жалб этилган.

Жорий йилнинг 24 июль куни Халқаро молия корпорацияси вакиллари геолог Хосе Игнасио Галлего, консультантлар Рустам Шамуродов ва Адил Буталиблар бошчилигида жаҳоннинг олтита давлатидан 7 та компания вакиллари Навоий вилоятига ташриф буюришди.

Хусусан, Франциянинг Total Eren, Япониянинг Mitsui, Жанубий Кореянинг KEPCO, Ҳиндистоннинг Renew Power, Бирлашган Араб Амирликларининг ACWA ҳамда ХХРнинг Jеnco ва TBEA компаниялари вакиллари томонидан объект қурилиши кўзда тутилган майдон жойида бориб ўрганилди.

Сармоядорлар очиқ ва рақобатбардош савдолар орқали танланади, улар ерни ижарага олиш, концессия шартномасини тузиш ва электростанциянинг асосий активларини эксплуатация қилиш ва улардан фойдаланиш шартномасини тузиш имконига эга бўлишади.

Шунингдек, инвесторларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида конференция ташкил этилди.

Мавзуга оид