Нега бу йил CEFR имтиҳони учун қабул кечикди?
Чет тилини билиш тўғрисидаги CEFR имтиҳони учун жорий йилда юзага келган узилишлар сабаби ҳақида Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси мутасаддилари томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.
«Аслида, бу йил CEFR имтиҳони кечикди, деб айтиш нотўғри. Чунки ҳеч қайси норматив ҳуқуқий ҳужжатда ушбу имтиҳоннинг йилига неча маротаба ва қайси пайтлари ўтказилиши тартиби белгиланмаган. Вазирлар Маҳкамасининг «Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификати бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида ҳам CEFR имтиҳони ўтказилиш вақти Давлат тест маркази томонидан белгиланиши кўрсатилган», дея изоҳ берди Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов.
Унинг сўзларига кўра, бу йилги кутишнинг асосий сабаби таълим йўналишида чет тили биринчи фан бўлган абитуриентларга B2, иккинчи ва учинчи блок бўлганларга эса B1 талаб қилиниши тўғрисидаги қарор лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва унинг 29 декабрда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши билан боғлиқ бўлди.
«Айтиш мумкинки, бу оддий қарор эмас. Тегишли вазирлик ва идоралар фикри ўрганилиб, ундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳам қарор лойиҳасини алоҳида кўриб чиқиб тасдиқлади. Қарор қабул қилиниши бироз муддатга чўзилганлиги учун биз маълум муддатга кутиб туришга мажбур бўлдик», дейди бўлим бошлиғи Сардор Ражабов.
Шунингдек, мутасаддиларнинг сўзларига кўра, агар Давлат тест маркази ҳали қарор тасдиқланмай туриб, тест имтиҳонини ўтказиб юборганда унгача бўлган жараёнда олинган B1 сертификати ОТМлар томонидан қабул қилинмаслиги мумкин эди. Лекин шундай бўлса-да, ДТМ CEFR имтиҳонини топшириш учун регистрацияни қарор тасдиқланмасдан олдин бошлаган. Сабаби абитуриентлар ўз сертификатларини ОТМларга қабул бошланмасдан олдин олишлари керак бўлган.
Маълумот учун: 2019 йилда CEFR имтиҳони бир марта ўтказилган бўлса-да, жами 13 844 нафар талабгор ариза билан мурожаат қилган, уларнинг 3 260 нафари, яъни 23.5 фоизи барча талабларни бажариб, сертификатга эга бўлишди.
Сертификат номзодларининг таҳлилига тўхталадиган бўлсак, 2018 йилда 12 902 та B1, 798 та B2, 59 та С1 даражаси учун ариза топширилган бўлса, жорий йилдаги ўзгаришдан сўнг рақамларда кескин ўзгариш қайд этилди. Ва 2019 йил 6 032 та ариза B1 даражаси учун қабул қилинган бўлса, 7 708 нафар номзод B2 учун регистрация қилинган.
Мавзуга оид
18:12 / 23.02.2021
Лицей ўқувчилари учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш тести бепул ташкил этилади — ДТМ
14:39 / 26.07.2020
«ДТМ ўзгармаса, фойдаси йўқ» — таълимдаги икки имтиҳон бирлаштирилиши ҳақида эксперт билан суҳбат
15:53 / 23.07.2020
8660 та чет тили сертификатининг 581 таси талабга жавоб бермаслиги аниқланди – ДТМ
13:08 / 22.07.2020