Бу бўйича эълон қилинган президент қарори лойиҳасида 2021-2022 ўқув йилида тажриба синов тариқасида Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумий ўрта мактаб ва академик лицей, 2022-2023 ўқув йилидан эса барча имтиҳонлар унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилиши таклиф қилинмоқда.

Kun.uz мухбири таълим дастурлари, педагогика ва тестология бўйича эксперт Комилжон Жалилов билан интервью ташкил қилди ва янги тизим бўйича пайдо бўлаётган бир қатор саволларга жавоб олди.

– Мактаб битирувчилари аттестацияси ва ОТМга кириш имтиҳонлари бирлаштирилиши – таълим тизимида сезиларли, кескин қадам. Сизнингча, ўзгариш нима учун қилиняпти ва у бизга реал ижобий ўзгаришларни бера оладими?

– Бу, албатта, жуда катта қадам. Мен ўзим анчадан бери бундай бирлаштириш зарурати ҳақида бонг уриб келаман ва ниҳоят, бу борада реал қадамлар ташлана бошлангани қувонарли.

Қизиқ жиҳати – реал қадамлар президент гапидан, қароридан кейин ташлана бошланди. Яъни бизда шунча вазирликлар ва бошқа ташкилотлар бўлса ҳам, ҳар бирининг аниқ вазифаси, ваколат доираси бўлса ҳам, негадир бирор соҳага бирон бир янгилик кириб келиши учун албатта президент аралашиши, президент нимадир дейиши керак. Ҳеч бир ташкилот ўзидан билиб, «мана бу соҳага мана бу янгиликни олиб кирайлик», демайди. Унда шунча ташкилотнинг нима кераги бор, деган савол туғилади.

Асосий масалага қайтсак. Назаримда, мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва кириш имтиҳонларини бирлаштиришнинг энг катта ижобий тарафи – болалар учун ортиқча стресснинг олдини олинади. Тасаввур қилинг, мактабни битираётган бола қисқа вақт ичида ҳам мактабида якуний давлат аттестациясини топшириши керак, ҳам ОТМга кириш имтиҳонларига тайёрланиши керак. Бу ҳар қандай бола учун ортиқча юклама. Энди бу иккита жараён бирлашиб, бола ортиқча юкламадан халос бўлади.

Иккинчи жиҳати. Тан олиш керак, мактабдаги якуний давлат аттестацияси аксар ҳолларда формал, номига ўтадиган, боланинг реал билимини кўрсатиб бермайдиган жараён. Оддий савол. Битта мактаб якуний давлат аттестациясида бир фандан ўқувчига «беш» баҳо қўйди. Шу «беш» билан бошқа мактаб ўз битирувчисига қўйган «беш» тенг кучли, яъни икки битирувчининг билим даражаси тенг деб ишонч билан айта оламизми? Назаримда, йўқ. Сабаби – мактабда қўйиладиган баҳолар кўп ҳолларда субъектив, боланинг ҳақиқий билим даражасини акс эттирмайди. Мактаб битирувчилари билимига ташқаридан баҳо берилиши мактабларни объектив солиштириш имконини беради.

Шу билан бирга, эълон қилинган қарор лойиҳасини ўқиб шундай хулосага келдим: бизда, мавжуд шарт-шароитларда бу ўзгаришнинг ўзбек таълим тизимига ҳақиқатда реал ижобий ўзгаришлар олиб келиши даргумон. Бунинг сабаби тест синовларини ўтказишга масъул ташкилот – Давлат тест марказининг тест саволларини (тестологияда, яъни баҳолаш ҳақидаги фанда «тест топшириқлари» дейилади) тузишга бўлган ёндашувидир.