Жаҳон | 22:43 / 27.07.2019
22356
2 дақиқада ўқилади

Трамп: АҚШ Россия билан душман бўлишга сабаб йўқ

Фото: Kevin Lamarque / Reuters

АҚШнинг Россия билан душман бўлишига ҳеч қандай асос йўқ. Бу ҳақда мамлакат президенти Дональд Трамп баёнот берди, дея хабар қилмоқда РИА Новости.

«Россия билан тил топишмаслик учун ҳеч қандай асос йўқ. Бизнинг бошқа мамлакатлар билан тил топишмаслигимизга ҳам ҳеч қандай асос йўқ», — деган Америка етакчиси. 

Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга АҚШнинг махсус прокурори Роберт Мюллер томонидан Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви ҳамда Америка президентининг Россия томони билан келишиб олганига доир тергови салбий таъсир қилган. «Биз 2,5 йил давомида буни кузатдик. (...) Ва бу шармандалик», — деб хулоса қилган президент.

Мюллер ҳисоботига кўра, Москва ҳақиқатдан ҳам Америка сайлов жараёнига аралашган, бироқ мавжуд шубҳа-гумонлар Россиянинг Дональд Трамп билан алоқаларини тасдиқлаш имконини бермаган. 

Америка етакчиси, шунингдек, Туркиянинг Россиядан С-400 ЗРКни харид қилиш қарори хусусида ҳам ўз фикрларини билдирди. Давлат раҳбари, АҚШнинг санкциялар киритиш таҳдидига қарамай С-400 харид қилгани учун Анқарани айбламаслигини айтди. 

«Бу мураккаб вазият. (...) Кўплаб ҳолатлар ва бошқа муаммолар борки, улар Обама маъмурияти даврида пайдо бўлган», — деди Трамп.

Мавзуга оид