Кўчмас мулкни турар-жой қуриш учун бузиш давлат ва жамият эҳтиёжига кирмайди — депутат
Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида янги турар-жой қуриш, кўчаларни ободонлаштириш важлари билан икки қаватли уй-жойларни бузиш режалаштирилмоқда. Аҳоли эса ҳокимият ва қурилиш компанияси билан етарли мулоқот бўлмаётганидан норози.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Адлия вазирлиги масъул ходими ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ўтган очиқ суҳбатда аҳоли вакиллари бузиш ишларига қарши эмаслиги, аммо белгиланган тартибда бузиш ишларини бошлаш учун ҳокимият ё қурилиш компанияси вакиллари мулоқотни бошламаганидан норозилигини айтишди.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ҳокимият билан келишув тузиб, уни имзолагани, аммо бу ҳужжат ҳуқуқий кучга эга ёки йўқлиги борасида маълумотга эга эмаслигини айтган. Расул Кушербаев сайловчиларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини эслатиб, давлат раҳбари томонидан имзоланган қонун ва фармонлар мазмунини аҳолига етказди.
Президент фармонига мувофиқ, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилиши белгиланган:
— мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;
— халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
— фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
— автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
— аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Ҳукумат қарорига кўра, турар-жой қурмоқчи бўлган томон мулк эгаси билан келишиб, мулк эгаси ихтиёрий рози бўлганда тақдирдагина мулк бузилиши мумкин.
Аҳоли муҳокама сўнгида компенсацияни белгилаш ёхуд бошпана ажратиш шартларини қайта кўриб чиқишга келишишди. Биз масалани кузатамиз.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
12:34 / 26.07.2024
Ўзбекистонда илк бор депутатлар сайлови аралаш тизимда ўтади
10:00 / 06.07.2024