Кўчмас мулк | 11:15
806
2 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулк қийматини аниқлашнинг янги услубиёти жорий этилди

Ўзбекистонда кўчмас мулк объектларининг бозор қийматига яқин нархини аниқлашнинг ягона тартибини белгиловчи янги услубиёт тасдиқланди. Янги тартиб кўчмас мулкни оммавий баҳолаш жараёнининг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлиги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиётини давлат рўйхатидан ўтказди. Тегишли ҳужжат 2026 йил 25 июн куни 3858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ҳужжатга мувофиқ, кўчмас мулк объектлари кўп квартирали уйлардаги турар жойлар, якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар объектлар гуруҳларига ажратилади.

Қийматни аниқлашда кўчмас мулк бозорига оид маълумотлар, амалга оширилган битимлар, эълонлардаги нархлар ва қийматга таъсир этувчи бошқа омиллар инобатга олинади.

Шунингдек, ҳудудлар бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда нарх зоналарига ажратилади ва намунавий (эталон) объектлар асосида баҳолаш ишлари амалга оширилади.

Янги услубиётга кўра, объектларнинг қиймати қиёсий, харажат ёки даромад ёндашувлари асосида ҳисобланади. Бунда биноларнинг қурилган йили, қурилиш материали, майдони, қавати, жойлашуви ва таъмирланганлик даражаси каби кўрсаткичлар ҳам ҳисобга олинади.

Оммавий баҳолаш натижалари Кадастр агентлигининг расмий веб-сайти ва ахборот тизимларида эълон қилинади. Мулкдорлар кадастр рақами орқали ўз объектларининг баҳоланган қиймати билан танишиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, баҳолаш натижалари 90 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу муддат ичида мулкдорлар ўз таклиф ва эътирозларини билдириши мумкин. Агар баҳолаш натижасидан норози бўлса, улар ваколатли орган ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Янги услубиёт кўчмас мулк объектларининг қийматини бозор тамойиллари асосида холис, шаффоф ва ягона мезонлар бўйича аниқлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид