Ўзбекистон президенти топшириғи асосида эндиликда Халқ қабулхоналари ва секторлар раҳбарларининг аҳоли муаммолари билан ишлаши янги стратегия ва тизим асосида ташкил этилмоқда.

Бунда аҳоли билан мулоқот янгича ёндашув – давлат идораларининг бевосита биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш асосида ташкил этишга киришилди.

Дастлаб Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги «Маданият ва истироҳат боғи»да ташкил қилинган оммавий қабулда Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Президентнинг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхоналари масъуллари, вилоятдаги секторлар раҳбарлари мурожаатчиларни қабул қилиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим излади.

Оммавий қабуллар давомида давлат солиқ қўмитаси раиси, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирлари қабулида узундан узоқ навбатлар ҳосил бўлди. Бу ўз ўзидан мурожаатларнинг асосий қисми айнан мазкур йўналишларга тегишли эканидан далолат беради. Қўшилган қиймат солиғи, ўзгарган солиқ ставкалари, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар, шу ва шу каби вазиятларда тушунмовчиликларга дуч келаётган фуқаролар Давлат солиқ қўмитаси раиси билан бевосита мулоқотда бўлишди.

Асли хоразмлик Қизларбиби Алиева ҳам соғлиқни сақлаш вазири қабулида ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилди. Бу аёл лаборатория ҳамшираси бўлиб, бир неча йил Хоразм вилоятида ишлаган. Доимий яшаш учун Оҳангарон туманига кўчиб келганидан бери иш сўраб кирмаган тиббиёт муассасаси қолмаган.

Оммавий қабулдаги аҳоли саломатлиги билан боғлиқ мурожаатларнинг асосий қисми тиббиёт муассасаларида даволаниш йўлланмаларини олишдаги муаммолар билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, паспорт-виза, ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоятлар, собиқ ички ишлар органлари ходимларини ишга қайта тиклаш ва ички ишлар органларига ишга кириш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳамда маиший масалаларига оид мурожаатлар Ички ишлар вазири қабулида муҳокама этилди.

Қабул жараёнида аниқланган муаммоларни жойида ечиш чоралари кўрилиб, ҳал этилиши вақт талаб этадиган ҳолатлардагина аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олиниб, ушбу ҳақда аҳоли билан зарур тушунтириш ишлари олиб борилди.