Ўзбекистон | 13:53 / 12.05.2023
15757
2 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси сўзида турди: апелляция суди Жиззахдан Тошкент вилоятига ўтказилди

Тошкент вилояти Бўка туманида ўтказилган сайёр қабулда Олий суд раиси жиззахлик фуқаролар талабига кўра апелляция судини бошқа ҳудудга кўчиришга ваъда берганди. Маълум бўлишича, Бахтиёр Исломов сўзининг устидан чиқиб, апелляция судини Тошкент вилоятига кўчириб берган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов Бўкадаги сайёр қабул давомида 122 нафар фуқарони қабул қилиб, шундан 87 та мурожаат жойида ҳал этилганди.

Kun.uz бевосита гувоҳ бўлган ҳолатда жиззахлик фуқаролар Исломовдан апелляция судини кўриб чиқишни бошқа ҳудуддаги судга ўтказишни илтимос қилишди. Олий суд раиси бу илтимосни қаноатлантиришга ваъда берганди.

Фото: Kun.uz

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, оммавий сайёр қабул доирасида Олий суд раиси Бахтиёр Исломовга фуқаро Дилноза Қобилова ариза билан мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи С.Хўжаназаровга оид жиноят ишини Жиззах вилоят судининг апелляция инстанциясидан бошқа вилоят судининг апелляция инстанциясига ўтказиб беришни сўраган.

Фото: Kun.uz

 “Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 393-моддасига (жиноят ишининг судловга тегишлилигига кўра ўтказилиши) асосан ишни бошқа вилоятдаги ёки Қорақалпоғистон Республикасидаги судга ўтказиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан ҳал этилади.

Кодекснинг мазкур нормасига мувофиқ ушбу жиноят иши Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг иш юритувидан Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқиш ва қонуний ҳал этиш учун юборилди”, дейилади Олий суд Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Фото: Kun.uz

Дилноза Қобилова Олий суд раиси билан учрашувда Жиззахда бўлиб ўтган биринчи инстанция суди адолатсиз бўлгани, гувоҳлар кўрсатмалари ва далилларни инобатга олмагани, бир ярим йил аввал жиноят аломатлари йўқ деб топилиб, ёпиб юборилган жиноят иши нима учундир яна қўзғатилгани, тергов нохолис ўтказилганидан арз қилганди. У суд томонидан турмуш ўртоғининг 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани юзасидан апелляция бергани, аммо ишни Жиззах ёки Сирдарё вилояти судлари кўрса, адолат қарор топишига ишонмаслигини билдирганди.

Мавзуга оид