Жаҳон | 19:26 / 30.07.2019
25504
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги шаҳар ҳокими Лондондан видео жўнатгани учун ишдан бўшатилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Чимкент ҳокими Габидулла Абдрахимовни лавозимидан озод қилди.

Абдрахимов 2018 йилда Чимкент шаҳри ҳокими лавозимига тайинланганди. У ўтган ҳафтада ўзининг Instagram саҳифасида Лондонда тушган видеолавҳасини жойлаган, обуначаларига салом йўллаб Қозоғистонни яхши кўришини айтганди.

Видеоролик ижтимоий тармоқларда кескин фикрларга сабаб бўлди, айрим фойдаланувчилар Абдрахимовни мақтанчоқликда айблади.  

Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбари Қримбек Кушербаевнинг сўзларига кўра, Абдрахимов ўзига билдирилган ишончни оқламаган. 

"Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев таъкидлаганидек, ҳозирда энг асосийси – бу халқ ва ҳокимият ўртасидаги мулоқот. Габидулла Абдрахимов мамлакатимиз раҳбариятининг қўллаб-қувватлови ва ишончини олганди. Афсуски, у буни етарлича англаб етмади", - дея Кушербаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради Tengrinews.kz агентлиги.

Кушербаевнинг таъкидлашича, раҳбарлар ҳақиқий халқ хизматчиси бўлиши ва ўзларини шунга мос тутишлари лозим.

Мавзуга оид