Шариат – жуда ҳам қадимий (тахминан 1500 йиллик) диний, маънавий–ахлоқий, ҳуқуқий тизим ҳисобланади. Бу ҳақда «Ислом молияси» телеграм каналида мақола эълон қилинган.

Маълумки, шариат – бу жуда ҳам қадимий (тахминан 1500 йиллик) диний, маънавий–ахлоқий, ҳуқуқий тизим. Бироқ унинг молиявий қисми бир неча асрлик «парокандалик» давомида унутилди ва мусулмон Шарқининг ўз анъанавий ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий-молиявий, ҳамда таълим тизимлари асосан Ғарб мамлакатларида пайдо бўлган муқобил тизимларга алмаштирилди. Бу даврда мустамлакага айлантирилган мусулмон давлатларининг (яъни аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар) бир қанчасида ислом қонунчилигидан фақатгина никоҳ ва жаноза каби маросимлар сақланиб қолди десак, катта хато бўлмаса керак. Шу маънода, табиийки, яқиндагина (XX асрнинг ўрталарида) мустақилликка эришган мусулмон давлатлари ва минтақаларининг ҳуқуқшунослик мактаблари бир неча аср давомида йиғилиб қолган мураккаб ва жиддий масалаларни, ҳамда замонавий долзарб муаммоларни ҳал қилишга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Бунинг сабаби эса, бир неча асрлик мустамлакачилик даврида ижтиҳоднинг мумиёдек қотиб қолиб, долзарб муаммоларни ҳал қилувчи тизимдан ҳуқуқшунос олимларнинг тор даврасидагина ўрганиладиган назарий масалалар мажмуасига айланиб қолгани бўлди ва бу, шубҳасиз ислом ҳуқуқшунослигининг энг катта фожиаларидан бири бўлди, дейиш мумкин.

Бу ҳолатда ислом илмий тафаккурини бироз бўлса ҳам қўзғатиш кучига эга бўлган нарса – нафақат ислом фиқҳини яхши билган, балки мусулмон олами учун турғунлик даври бўлган мустамлакачилик пайтида жаҳонда юз берган улкан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни чуқур англаб етган шахслар томонидан амалиётга татбиқ қилиниши мумкин бўлган ҳақиқий жонли мавзуни юзага чиқариш эди. Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан ислом оламида пароканданлик якун топишига умид пайдо бўлди. Айнан шу даврда мусулмон давлатлари ўз мустақиллиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш учун кураш бошлади ва ҳудди шу даврда ислом иқтисодиёти илмий назарияси ва тамойиллари яратила бошланди. Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган бу даврни 3та алоҳида босқичга ва бошланиши муқаррар бўлган 4-босқичга ажратиш мумкин.

  • 1. XX асрнинг 50-йилларидан 80-йилларнинг ўрталаригача – уйғониш, асосий нуқтаи-назарларни  шакллантириш ва қайта юзага чиқиш даври;
  • 2. 80-йилларнинг ўрталаридан 90-йилларнинг охиригача – шаклланиш ва тетапоя даври;
  • 3. 90-йилларнинг ўрталари/охиридан ҳозирги кунгача – ўзгаришлар ва янги ғоялар (инновациялар) даври;
  • 4. Ҳали бошланмаган, лекин вақти етиб келган ривожланиш босқичи.