Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳам «хўрда»дан, ҳам «бурда»дан... Тошкент шаҳридаги хусусий инвесторлар фақат уй қуришга ихтисослашганми?
Сарлавҳа бироз аёвсиз қўйилган бўлиши мумкин. Бу ким учундир сердаъво туюлиши мумкин. Қўлдан келганча изоҳлашга ҳаракат қиламан.
Чириган электр таъминоти
Камина кўп қатори пойтахтнинг «дом»ларидан бирида истиқомат қилади. Ўзбекистонда – сўнгги пайтлардаги бунёдкорликлар, жадаллик билан бораётган янгиланишлар мадҳидан ўзимни тийган ҳолда, битта аччиқ ҳақиқатни ҳам тилга олиб ўтмоқ лозим. Июль ойида, ёз чилласи забтига олган жазирамаси – бир ҳақиқатнинг эл аро ошкор бўлишига сабаб бўлди: электр таъминотимиз бу қадар кучли талабни қондира олмас экан. Бу ҳолат авваллари вилоятларда кунда-кунора кузатилиб келган, унга биз – «аҳли пойтахт» бирда эътибор қилиб, бирда кўз юмиб келган бўлсак, жазирамада, бетон қафас аро совуткичсиз қолиш азоби бошимизга тушгач, ёппасига эътироз билдириб қолдик. Жондан ўтди-да.
Яширмайман, ўзим ҳам – бошда икки-уч соат, кейин-кейин ярим кунлаб ва ниҳоят, суткалаб электр таъминотида узилиш бўлгач, ижтимоий тармоқларда «дод солиш»га ўтдим. Ўтдим-у, гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона дашном орасида қолдим: «Ҳа, қалай бўларкан?», «Вилоятларда бу – одатий ҳол-ку?», «Биз дод солганда, эшитмаган эдинглар» ва ҳоказо.
Дашномчиларниям тушуниш мумкин. Бошидан ўтган. Қурбақаниям боссанг, ваққиллайди. Боз устига, йил-ўн икки ой – қишда тезаг-у, ўтин, ёзда чанг-чунгга ботиб, газ-у чироққа дар қолиб яшаш кимга ёқибди. Аммо ана шу даҳанаки тортишувлар аро бир фикрда барча якдил бўлди: мамлакатдаги электр таъминоти билан боғлиқ механизмлар эскириб кетган. Бугун ҳар ерда ҳозир ижтимоий тармоқ деганларида кунда-кунора қайсидир подстанциянинг ёниб кетаётгани ва ёхуд чириб кетган симлар билан зўрға ишлаб турган хароб сувратлари қўйилганини кўпчилик кўрган чиқар.

Бу масала фақат бугунга келиб долзарб бўлди, деган фикрни айтишдан мутлақо йироқмиз. Урф бўлган йўсинда айтсак, у – «йиллар давомида тўпланиб қолган масалалар»дан бири. Ҳатто давлат раҳбари ҳам бу масалага ҳув ўша, президентлик лавозимига киришишдан олдиноқ тўхталиб, ҳолатни «...мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда», – дея баҳолаган эди. Шундан кейин, яъни 2017 йил 2 майда қабул қилинган президент қарори билан 2017-2021 йиллар давомида мамлакатдаги ишлаб турган 32та ГЭСни янгилаш, бундан ташқари 42та янги гидроэлектр станциясини барпо этиш кўзланган эди.
Булар яхши. Лекин асосий мавзудан чалғимасдан айтамизки, бугун пойтахтдаги электр таъминотида – юмшоқроқ қилиб айтганда, ислоҳотлар самараси кузатилгани йўқ. Акс ҳолда шунча одам ёзғириб, дардини дастурхон қилиб ўтирмаган бўлар эди. Аниқ мисоллар керак, дегувчиларга исталган пайтда, истаганча мисол топиб берамиз.
Шу кунларда ижтимоий тармоқни «портлатаётган» бир хабар, яъни электр энергияси тарифларининг ошиши – бу муаммоларни бартараф этишига жудаям ишонгимиз келади-ю, аммо... Энди ана шу «аммо»сини изоҳлаш ва ёхуд одатда бўладиганидек, хаспўшлаш – мутасаддиларга тан. Лекин билмадик-да. Нарх ошгани – муаммонинг давоси бўлса, ана, бензин тақчиллигига даво бўларди. Чунки 2016 йилда, дастлабки бор, яъни литри 2075 сўмлик АИ 80 маркали бензин – аввал 2800 сўм, кейинроқ 4000 сўм бўлганда, айтишгандики, «Энди нархлар эркинлашди, муаммо қолмади» деб. Бу «эркинлашиш» ҳануз давом этмоқда...
Боз устига, яъни бирор метр янги электр узатиш линиялари тортиб келинмаган бир шароитда, аниқроғи, қувват шундоғам етмай турган бир шароитда – янги уй-жойларнинг орқа-ўнгига қарамасдан қуриб ётилгани эса... Фикримизни шу нуқтада давом эттирсак.
Бир думалаб, «уйларга айланиб қолаётган» иншоотлар...
Кейинги мулоҳазаларга ўтишдан олдин мисолни яна шахсан ўзим гувоҳи бўлган манзарадан бошласам.
Кўп қаватли «дом»имиз қаршисида, анчадан бери хандақлари кавланиб, қурилиши бошланмай ётган бир сарсон иморат бўларди. Бир замонлар, шўро даврида кинотеатр сифатида фаолият кўрсатган, ёш-ялангнинг севимли «паккаси» ҳисобланган бу жойни кимдир сотиб олган эди чоғи. Талай йиллар давомида атрофи ўралиб, харобаси чиқиб, шумшайиб ётди. Икки-уч йил бурун, инқилобий ўзгаришларга шитоб билан старт берилган чоғда бино атрофидаги тунука олиб ташланиб – замондан қолмай, қабилидаги ажиб баннерлар билан ўраб олинди. Унда бўлғуси бинонинг ташқи кўриниши кўзни қамаштиргулик бир кўринишда, оҳанжама билан ишланиб, остида «Торгово-развлекателный комплекс», деган нома битилди. Адашмасам, ўша тасвирдаги «комплекс»и қурмағур икки ё уч қаватдан иборат эди.
Шу билан, ҳаш-паш дегунча, жумла-жаҳонга наъра таратиб, ўтган-қайтган мошинани ғишт-у қум дастидан безор қилиб, қурилиш ҳам бошланиб кетди. Бугун эса мана, саккиз қаватдан ўтибди ҳамки, қурилиш тўхтамайди. Энди бу чала иморат пештоқларига «Жилой дом. Отдел продажи: ...» дея телефон рақамлар ҳам илинган, денг.
Собиқ уч қаватли «савдо-кўнгилочар уйи» қандоқ қилиб турар-жойга айланганига ақлим бовар қилмай, азбаройи қизиқувчанлик важидан, ўша кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилдим. Шунда қандай жавоб эшитдим, денг. Бу уйдаги хонадонларнинг ҳар бир квадрат метри нархи – оз эмас, кўп эмас, 13 миллион сўм экан. Расмий курсга чақадиган бўлсак, бу – 1 ярим минг доллардан зиёд дегани. Хонадонларнинг ўртача майдони 100 квадрат метр бўлса, демак, ўша уйнинг харидори нақ 150 минг долларни ёки 1 миллиард 300 миллион сўмни қуртдек санаб бериши лозим экан-да... Уйдаги камида 50та хонадонни пулга чақсак-чи?.. Ана сизга «савдо-кўнгилочар уйи»нинг «бир думалаб» «кўп қаватли дом»га айланиб қолгани нақли. Пул ўлсин-а... Айтмоқчи, бу муҳташам уй ёнбошидаги, республикада ягона бўлган бир қаватлигина Болалар кутубхонаси мунғайибгина турибди...
Бу – камина турадиган мавзедаги ягона ҳолат бўлса, гўрга эди. Бундан бир йил олдин «Кўпга келган тўй» қабилида – Тошкентдаги кўп қаватли уйлар орасидаги гаражлар бузилганда, бу ҳолат бизнинг мавзени ҳам четлаб ўтмаганди. Қўни-қўшнини дод-войлатиб, гаражлар ёппасига бузилди, денг. Машинамни қаёққа қўяман, дегич даъвогарларга «Ана, яқинда уйлар орасига кўп қаватли автотураргоҳ қурилади. Ўша ерда беминнат қўяверасиз», деган баҳона рўкач қилинди. Бир муддатдан сўнг ростдан ҳам қурилиш бошланди. Ҳамма хурсанд. Лекин... Бугун қарабсизки, ўша кўп қаватли автомашиналар тураргоҳи, деб бошланган қурилиш ўз ҳолича ётибди. Лекин унинг ёнгинасида ҳам нақ етти қаватли яшаш уйи қад ростлаб турибди-да. Унисининг нархини билмадик. Чунки ҳали ғиштлари тахлангани йўқ. Лекин бунисиям «Отдан қолма, байталим», қабилида ўлақолсаям анави – қўшни иморатдан кам бўлмаса керак.
Бугун нима сабабдан аксарият қурилишларнинг «новостройка»ларга айланиб қолаётганига – шахсан менинг ақлим етмайди. Ақлим етгани шуки, бу янги иншоотлар аҳоли турар-жойларидаги автомобиллар туриш жойлари, яъни «парковка»сини тум-тарақай қилгани етмагандек, шу пайтгача қад ростлаган уйлар ва аҳоли талабига мослашган, айнан улар учун барпо қилинган инфратузилмалар, яъни электр, сув ва газ, канализация тармоқларига шундоққина улаб қўйилмоқда.
Ё сиз – муҳтарам муштарий, мавзелар ичида қурилган ва қурилаётган уйлар учун махсус қувурлар ётқизилганига, бирор метр сим тортиб келинганига гувоҳ бўлдингизми? Шахсан мен кўрмадим. Ҳарҳолда, халқимиз доно. Унинг «Мош сиғмаган жойга ловияни тиқма» деган нақли бор. Назаримда, бошқа бирор нақл тўғри келмайди-ёв бу ҳолатга...
Қувонтирган ва... қўрқитган рақамлар

Қурилиш вазирлиги томонидан битта рақам расман эътироф этилди: «Ўтган 2018 йили Ўзбекистонда 5 млн. квадрат метр уй-жой қурилди. Бунақаси тарихда бўлмаган. Тошкентда энг кўп уй-жой қурилгани – 1987 йилда, яъни 1 млн 13 минг квадрат метр қайд қилинган бўлиб, ўтган йили пойтахтнинг ўзида 1 млн 24 минг квадрат метр уй-жой қурилган».
Бошқача айтганда, уй-жой қуришнинг рекорди ўрнатилди. Бу – шаксиз, қувончли рақамлар. Ахир минг-минглаб юртдошларимизнинг уй-жойли, бошпанали бўлгани одамни хурсанд қилмай, нима қилсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган расмий манбаларга таянадиган бўлсак, 2019 йилда пойтахтимизда аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаат ва талабларни инобатга олган ҳолда, маҳаллий бюджет, бошқа манбалар ҳамда инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан, жами 15 972та хонадонли 350та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шундан – хусусий тадбиркорлар томонидан 91та уй фойдаланишга топширилар экан.
Қувончли хабарлар аро бизни энг қўрқитгани – ана шу охирги рақам бўлди. Чунки анави 350та уйнинг кўпчилиги, яъни Сергелида бўладими, Чоштепа-ю Оқтепадами ва ёхуд бошқа «тепа»дами – манзилли дастурлар асосида, муҳими, бутун-бутун мавзелар тарзида қуриляпти. Табиийки, у ерларга алоҳида газ, сув, электр энергияси ҳам баҳолиқудрат ўтказилмоқда. «Тошкент сити» ҳам шу таснифда.
Аммо хусусий тадбиркорлар томонидан, боз яна денг, айнан марказий мавзеларда, кейинчалик сотиш ўнғай ва мўмай бўлган ҳудудларда қурилаётган уйлар учун – алоҳида инфратузилма яратилаётганини ким ва қачон кўрибди? Хусусий тадбиркор учун – уйини бир амаллаб, ўша ерда яшовчиларни ёлғон-яшиқ гаплар билан алдаб, апил-тапил қуриб олгани, кейин уни мўмайгина пуллагани ҳисоб. Эрта бир кун – чироқ ва газ етмай қоладими, ёғин-сочинда канализация тўлиб, ҳаммаёқ кўлга айланадими, сув таъминоти тизими абгор бўладими, унга барибир. Ёғин-сочинда дарёда сузгандек машиналарни ҳам, жазирамада жони бўғзига келган одамларнинг арз-додини ҳам кўрдик-ку. Азобнинг борини эса одатдагидек истеъмолчи, оддий халқ тортади (Айтмоқчи, «тезпишар» тарзда битказилаётган уйларнинг сифат масаласи ҳам – алоҳида мавзу ва унга бир кун қайтармиз).
Тайёр мавзеларга кириб, бўйрадеккина ерни кўрса, очофатдек ёпишиб, бизга номаълум қай йўллар билан у жойларда уй қуриш ҳуқуқини қўлга киритаётган, иморати битгач, ўша ердаги турғун яшовчиларнинг қонуний ҳақи бўлган – электр, газ, сувдаги ризқини «туя қилаётган», янги хонадонини эса «отасининг баҳоси»да пуллаётган бу тахлит «тадбиркорлар»нинг иши – «ҳам хўрдадан, ҳам бурдадан» юлиш эмасми? Ёлғиз ўзи эмасдир, «пушти паноҳлари» бордир. Боз яна билмадик...
Ана энди хулоса
Тўғри, беш қўл баравар эмас. Бизнинг, юртдаги бугунги ободлиг-у бунёдкорликларга ҳеч бир хусуматимиз йўқ. Аммо кўрганимизни, эшитганимизни ёзаяпмиз. Боз устига, ўтган ойда интернетда тарқалган, шаҳар ҳокимининг – уй-жойлар эгалари ҳамда «инвестор» аталмиш уй қургувчилар ўртасидаги машмашаларга «қозилик қилган»и видеосини ҳам кўрдик. Шаҳар раҳбарига ҳам осон эмас. Гарданда шунча ташвиш турибди. Улардан ортиб... ўзи бўладими ахир. Ўша – «бизнесменнинг бизнесменга, бизнес тилида мастер-класс ўтган» видеосидаги бир ҳолатга диққат қилдингизми? Яъни унда «инвестор» ўз оғзи билан – қураётган уйларининг таннархи квадрат метрига 500 долларга тушишини, аммо унинг устига 20 фоиз фойдани қўшиб сотса, «тўғри келмаслиги»ни айтиб турибди. Муддао – 1000дан сотиш. (Кечирасиз, мен ҳам «доллар тили»да гапиришга мажбур бўлдим. Чунки ўша суҳбатнинг бошдан-адоғида гап сўмда кечгани йўқ). Аммо компенсация тўлашга келганда, тирриқлик.
Сўрамоқчи бўлганим шуки, ҳокимият ва ўша инвесторлар билан имзоланадиган шартномаларда – маълум бир уй қуриладиган ҳудудга «инфратузилма олиб кириш» деган банд ҳам бўладими? Йўқса, нега нархлар бу қадар осмонга ўрлаб кетмоқда. Ёки янги қурилаётган уйларнинг ғишти – тилладан-у, цементига – кумуш кукуни аралаштирилганми? Аҳолининг харид имкониятини ҳам ҳисобга олиш керакми-йўқми? Кредитга олган тақдирдаям, қозон-товоғини неча йил сувга ташлаб қўйишга тўғри келади.
Ўрни келганда яна бир савол бермоқчимизки, бунинг жавобини кутмай қўя қоламиз: мавзелар ўртасида қуриладиган янги иншоотларни, яъни халқ бугун бироз истеҳзо билан тилга олаётган – «Сағбон сити-ю», «Қорақамиш сити»ларни шаҳар ташқарисига, бўш майдонгиналарга қуриб қўя қолса бўлмасмикин? Ва ёхуд бугунгидек, шундоғам ночор ва ғариб, эскириб кетган қувурлар ва симларга орқа қилиб, уларни баттар ишдан чиқариб, абгор қилиб юраверамизми?
Уйни биз қуриб, ҳузурини биз кўриб, унинг атрофидаги қолган бор ташвиш-у машмашани келажак авлодга қолдирсак, уят бўлмасмикин...
Комилжон ШАМСИДДИНОВ
Мавзуга оид
20:06
Президент ҳузурида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва режалари кўриб чиқилди
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:25 / 09.06.2026
Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд
11:40 / 08.06.2026