Ўзбекистон | 08:30 / 04.08.2019
4326
2 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазирлигида инвестиция лойиҳаларига бағишланган видеоселектор ўтказилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов 3 август куни ТИВда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон минтақаларига қилган сафарлари чоғида элчилар томонидан тақдим қилинган лойиҳаларнинг амалга оширилиши борасидаги фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан хабар беришларича, йиғилишда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши Девони, Вазирлар Маҳкамаси, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари ҳамда видеоконференсалоқа орқали Ўзбекистондаги хориждаги дипломатик миссияларининг раҳбарлари иштирок этган.

Тадбир чоғида Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларининг амалга ошириши мониторинги ўтказилган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг элчихона ва консулхона раҳбарларининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида уларга юкланган топшириқларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тингланган, мавжуд муаммоли масалалар ва уларни ҳал этиш йўллари таҳлил қилинган.

Йиғилишда дипломатик ваколатхоналарнинг биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари танқидий кўриб чиқилган ва уларнинг олдига 2019 йил учун белгиланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ қўйилган.

«Хориждаги дипломатик ваколатхоналаримизга чет эл инвестицияларини жалб қилиш, инвестиция лойиҳаларини, аввало ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги лойиҳаларни амалга ошириш учун янги молиявий манбаларни излаб топишга йўналтирилган ишларни фаоллаштириш топширилди», — дейилади ТИВ ахборотида.

Мавзуга оид