Трампга Қозоғистонда “араб баҳори” хатоларини такрорламаслик тавсия қилинди
АҚШнинг Heritage жамғармаси ташқи сиёсат маркази директори Люк Коффи ўз мақоласида Қозоғистонда ҳокимият ўзгаргандан кейин Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга баҳо берди ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун энг истиқболли соҳаларни белгилаб берди. Бу ҳақда The National Interest нашри хабар берди.
Экспертнинг фикрича, Оқ уй Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг ҳокимият тепасига келганидан кейин Қозоғистонда ўтказилаётган ислоҳотларга муносабатини эҳтиёткорлик билан шакллантириши лозим. Коффи Қозоғистонда юқори даражада коррупция, жамиятда ижтимоий кескинлик ва иқтисодиётда муаммолар мавжудлигини таъкидлаб ўтган.
“Тоқаев узоқ вақтдан бери сермаҳсул бўлган Қозоғистон-АҚШ муносабатлари йўналишини ўзгартирмайди. Шу сабабли Трамп маъмурияти ўзаро ҳамкорликни яхшилаш йўларини топиш учун Қозоғистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиши лозим”, деб айтган Коффи ўз мақоласида.
Унинг таъкидлашича, АҚШ Марказий Осиёнинг радикал экстремизмга қарши курашувчи ва ислоҳотлар ўтказувчи энг рақобатбардош давлатлари билан ҳамкорликка интилади.
“Қозоғистон Афғонистонда фойдали ҳамкор бўлди. Мамлакат иқтисодий ва таълим лойиҳаларига ўнлаб миллион долларлар сармоя қилган. Эҳтимол, бу энг муҳимидир – Қозоғистон АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари таъминоти тармоғининг ажралмас қисми ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган Коффи.
Мутахассиснинг айтишича, Қозоғистонга Сурия бўйича музокаралар қандай натижа бераётганига қарамай, уларни ташкиллаштиргани ва ўтказгани учун миннатдорлик билдириш керак. Коффи энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишда катта салоҳиятни кўраётганини, Қозоғистон АҚШнинг Европадаги иттифоқдошларига Россия нефти ва газидан тобеликни енгишда ёрдам бера олиши мумкинлигини айтган.
Коффининг таъкидлашича, АҚШ сиёсатчилари Қозоғистондаги ислоҳотларга нисбатан муносабатларини билдиришда эҳтиёткор бўлишлари лозим. АҚШ минтақадаги барқарорликдан манфаатдор.
“Баъзи қозоғистонликлар демократик ислоҳотлар ўтказилишининг паст суръатларидан норозилар, бу эса яқинда ўтган намойишларга олиб келди. Бироқ таъкидлаш муҳим, аҳолиси 18 млн киши бўлган мамлакатда намойишларга бор-йўғи бир неча минг киши чиқди. АҚШ сиёсатчилари кўча намойишлари радикал ислоҳотларни ўтказиш учун қўлланган “араб баҳори” вақтидаги тузоққа тушмасликлари керак”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.
Коффининг фикрича, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида амалга оширилиши учун анча кўп вақт талаб этиладиган ислоҳотларни қисқа муддатларда ўтказишга ҳаракат қилинди. Оқибатда минтақада ихтилофлар ва сиёсий беқарорлик юзага келди. Коффи Тоқаевнинг ислоҳотлар ўтказишга интилиши ва унинг бу йўналишдаги илк қадамларини таъкидлаб ўтган. Мутахассис АҚШ президентига Оқ уйнинг Марказий Осиё минтақасига жиддий муносабатдалигини билдириш учун Қозоғистонга яқин фурсатларда сафар уюштиришни тавсия қилган.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024