Қарийб 3 миллиард сўмлик имтиёзлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари божхоначилар томонидан фош этилди
Маълумки, юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларидан турли имтиёзлар қўлланилиб келинмоқда. Аммо, айрим сохта тадбиркорлар эса берилаётган имтиёзларни суиистеъмол қилишга уринишмоқда. Божхона ходимлари томонидан бу каби божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларига қарши самарали кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирлар давомида божхона тўловларини четлаб ўтиш мақсадида ноқонуний тарзда ташкил қилинган масъулияти чекланган жамиятларининг қинғирликлари фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда
Хусусан, Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг фаолияти ўрганилганда, корхона раҳбари Ю.С. ўзи тузган ташкилотни божхона тўловларидан имтиёз олиш мақсадида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлишига эришади.
2018–2019 йиллар давомида оғирлиги 79 873 килограммни ташкил этувчи текстил товарларини мамлакатимизга олиб келиб, 904 миллион сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёз олишга муваффақ бўлади.
Аммо, ачинарлиси шундаки, номи бор-у ўзи йўқ ушбу корхонада ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилмаган ва божхона имтиёзлари суиистеъмол қилинган.
Бу каби қонунбузарликлар Андижон вилоятида ҳам қайд этилди. Жумладан, мазкур вилоят ҳудудида ташкил этилган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари фуқаро Б.А. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлгандан сўнг, 2018-2019 йиллар давомида умумий қиймати 59 648 АҚШ долларига тенг бўлган текстиль товарларини юртимизга олиб келган. Шунингдек, гўёки ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида олиб келган маҳсулотлари учун божхона тўловларидан 1 млрд. 396 млн. сўмдан ортиқ имтиёзлардан фойдаланган. Аммо, текширув давомида ушбу ташкилот томонидан ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаганлиги ва имтиёзлардан нотўғри фойдаланганлиги аниқланди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида ташкил этилган яна иккита масъулияти чекланган жамиятлар раҳбарлари Р.О. ва А.Р. ҳам қинғир йўлни танлашган.
Улар хориждан олиб келинаётган товарлари учун божхона тўловларини тўламаслик мақсадида гўёки ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун ўзлари томонидан тузилган ташкилотларини “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо қилишади ва олиб келган маҳсулотлари учун жами 550 миллион сўмдан ортиқ имтиёзни қўлга киритишади.
Аммо, ушбу масъулияти чекланган жамиятлар раҳбарлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш, иш ўринлари яратиш каби ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифаларини “эсдан чиқариб қолдиришади”. Давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан ўз манфаати йўлида фойдаланган ушбу қонунбузарларнинг ҳийлалари ўзларига панд берди. Ғалвир сувдан кўтарилганда уларнинг барча қилмишлари ошкор бўлди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022