Иқтисодиёт | 08:34
301
2 дақиқада ўқилади

Қайта ишланган маҳсулотларга божхона имтиёзлари қўлланади

Ўзбекистонда божхона ҳудудида қайта ишланган тайёр маҳсулотларни эркин муомалага чиқаришда божхона қийматини белгилаш ва тўловларни ҳисоблашнинг янги тартиби жорий этилди. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи низом тасдиқланди.

Ҳукуматнинг 2026 йил 21 майдаги 266-сон қарори билан “Божхона ҳудудида қайта ишланган тайёр маҳсулотларни эркин муомалага чиқаришда товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва улар бўйича божхона тўловларини ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Мазкур низом божхона ҳудудида қайта ишланган маҳсулотларни эркин муомалага чиқариш жараёнида товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ҳамда улар бўйича божхона тўловларини ҳисоблаш тартибини белгилайди.

Низомга мувофиқ, қайта ишланган маҳсулотларни эркин муомалага чиқаришда импорт божхона божи қайта ишлаш учун олиб кирилган хомашё ва материалларнинг божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бунда қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ сарфланган хомашё ва материаллар миқдори инобатга олинади.

Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қайта ишланган маҳсулотларга нисбатан ҳам қўлланиши белгиланди.

Ҳужжатга кўра, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тайёр маҳсулотлар учун божхона божи суммасидан юқори бўлган импорт божлари қўлланадиган хомашё ва материаллар рўйхатини шакллантиради. Бу рўйхат манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифлари асосида тузилади.

Мазкур низом тажриба-синов тариқасида амал қилиб, 2027 йил 1 мартга қадар кучда бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид