Ўзбекистон | 20:42 / 07.08.2019
30369
2 дақиқада ўқилади

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Марказий ҳарбий округига ташриф буюрди 

Бугун, 7 август куни Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби генерал-лейтенант Виктор Маҳмудов, Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев Марказий ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда бўлди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Дастлаб, ҳарбий округда янгидан барпо этилган ситуацион марказда Мудофаа вазирлиги таркибидаги ҳарбий округлар қўмондонлиги билан видеоселектор ўтказилди. Унда мустақиллигимизнинг 28 йиллигини муносиб кутиб олиш, аҳолини байрам кунларида мароқли дам олишларини таъминлашда хавфсизлик масалалари ва мудофаа қобилияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг, ҳарбий қисмлардаги мобил бошқарув пунктлари, жанговар танклар, янада кучайтирилган БТР-70 техникалари ҳамда енгил зирҳли машиналар қурол-аслаҳаларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган ишлар билан танишди.

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ҳарбий округ таркибидаги ҳарбий қисмларда техника ва қурол-аслаҳаларни модернизация қилиш ҳамда қайта таъмирдан чиқариш бўйича янгидан ташкил этилган гуруҳ фаолиятига юқори баҳо берди.

Ташриф сўнгида генерал-лейтенант Виктор Маҳмудов ва мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳарбий округ жанговар техникалар паркида “Мен ғолиб” шиори остида ўтказилган мусобақа ғолибларини рағбатлантирди.

Мавзуга оид