Жаҳон | 19:02 / 08.08.2019
8981
2 дақиқада ўқилади

Толиблар АҚШни тинчлик музокараларига қарамасдан ҳужумларни давом эттиришда айблади

Фото: REUTERS

"Толибон" ҳаракати етакчиси Мулави Ҳайбатулла Охунзода АҚШни Афғонистондаги ҳужумларни кучайтиришда айблади ва АҚШнинг мамлакатда тинчлик ўрнатиш мақсадига шубҳа билдирди. Бу ҳақда ЭФЭ агентлиги хабар берди.

"Музокаралар вақтида АҚШнинг ваҳшиёна ва мақсадсиз бомбардимонлари, тинч ҳудудларга ҳужумлари ҳамда сиёсатчи ва ҳарбийларининг бир-бирига зид баёнотлари тинчлик жараёнига шубҳа соясини солмоқда ва сизларнинг мақсадларингизга нисбатан гумон уйғотмоқда", - дейилади толиблар етакчиси баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар натижаси ўзаро ишончга боғлиқ ва у шу боис АҚШни "бу ҳаракатларни бас қилишга" чақирди.

Доҳада АҚШ вакиллари ва толиблар ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтмоқда.  

Шунингдек, 8 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида “Толибон” ҳаракатининг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Охунд бошчилигидаги Ҳаракат вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.  

Учрашув чоғида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш мақсадида мамлакатда тинч сиёсий жараёнларни илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид