Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хотин-қизлар қўмитаси раиси тизимдаги раҳбар аёлларнинг башанг кийинишини танқид қилиб, уларга муҳлат берди
Фото: Хотин-қизлар қўмитаси
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг қуйи бўғинларидаги раҳбар кадрлар уч ой ичида нафақат иш услубини, балки кийиниш тарзини ҳам ўзгартириши талаб этилади.
Қўмита раиси Элмира Боситхонова бугун журналист ва блогерлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда ўзи раҳбарлик қилаётган тизимда ана шундай ташаббусни илгари сургани ҳақида гапириб берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Лавозимга ўтиришим биланоқ график бўйича жойларга чиқдим ва вазиятларни ўрганишга киришдим. Аниқроғи, туман хотин-қизлар қўмитаси раислари ҳамда маҳаллалардаги маслаҳатчи лавозимидан қўмита тизимига ўтган 10 мингга яқин мутахассисларнинг нима иш қилиши кераклиги тўғрисида аниқ кўрсатма бериш учун бордим.
Хотин-қизлар қўмитасида тизимли иш йўқлиги боис вазият анча мураккаб. Чекка қишлоқларнинг бирида аёллар билан учрашув ташкил қилдик. Уларнинг эгнидаги либоси жуда оддий. Туман раислари эса башанг кийинган. Бу ҳолатда опа-сингилларимиз вакилларимизга дардини қандай айтади? Қуйидаги раисларга октябрь ойигача муҳлат бердим. Уч ой ичида ишлаш принципини ҳам, ташқи кўринишини ҳам ўзгартиришади.
Муддат тугагач, мониторинг қиламиз. Хато ва камчиликлари бисёрлари жиддий огоҳлантирилади. Тизимдаги ишнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги ва ҳудудлардан келаётган мурожаатларнинг сонини кўпайиши, албатта, уларнинг лавозимига лойиқ ёки номуносиб эканлигини кўрсатади.
Ўзимнинг хулосаларим, кузатишларим натижасида келгусида ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифаларимни белгилаганман. Барчасини аста-секин амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Бу борада сиз журналистларнинг ҳам ёрдамларингиз жуда муҳим», – деди Элмира Боситхонова.
Тадбирда таъкидланишича, йил якунига қадар ҳар бир МФЙда 30 нафардан энг фаол ва жонкуяр аёллар саралаб олинади. Улар 5 йўналишда: оила муаммолари, аёллар саломатлиги, бандлик, бола тарбияси ва хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш йўналишларида волонтёр сифатида фаолият юритишади.
Мавзуга оид
17:00 / 25.04.2025
Хусусий клиникаларни текшириш бўйича ССВнинг ваколатлари кенгайтирилиши мумкин
12:07 / 13.04.2023
«Вилоят ва туманлардаги шифохоналар учун 15 та МРТ ва 200 дан ортиқ МCКТ ускунасига эҳтиёжимиз бор» — Амрилло Иноятов
09:46 / 07.08.2022
ССВ: Асоратли ҳомиладорлик асоратли болалар туғилиши дегани эмас
15:59 / 31.10.2021