Қирғизистон махсус кучлари Атамбоевга қарашли телеканалга бостириб кирди
Махсус кучлар вакиллари Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга қарашли “Апрель” телеканали журналистларидан телеканал биносини зудлик билан тарк этишларини талаб қилди. Бу ҳақда канал бош муҳаррири Лена Нечаева хабар қилди.
"Апрель" телеканали эфири 7 август – собиқ президентни қўлга олиш учун операция ўтказилган биринчи кунида блоклаб қўйилганди.
7 август кечки пайт Қирғизистон махсус хизматлари Атамбоевни унинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қўлга олиш бўйича амалиётни бошлашган. Махсус хизматлар собиқ президентнинг тарафдорларига махсус воситалар қўллашган, Атамбоев тарафдорлари бунга жавобан ўқ узишган.
8 август куни Қирғизистоннинг собиқ президенти узоқ давом этган музокаралардан кейин куч тузилмаларига таслим бўлган. У маслаҳатчилари Фарид Ниязов ва Қундуз Жолдубаева ҳамроҳлигида Бишкекка олиб кетилган.