Жамият | 19:18 / 12.08.2019
57016
3 дақиқада ўқилади

Боласини тан олмаган ота ДНК хулосаси олдида ожиз қолди

Фото: Pexels

“Фарзанднинг бегонаси ва собиғи бўлмайди”-, дейди доно халқимиз. Лекин, кейинги вақтларда фарзандга даъво қилиш, ундан воз кечиш ёки отасини белгилаш деган мурожаатлар ҳам келмоқда. 

Биз тушунарли сабабларга кўра, томонларнинг исм ва фамилиясини ошкор этмасликни лозим топдик.

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг қарорига асосан қарздор У.Ҳ.дан ундирувчи Ш.А. фойдасига 1 нафар фарзанди учун ¼ қисм алимент ундириш белгиланганди. 

Фарзанд таъминоти учун алимент пуллари ўз вақтида тўланиши шарт бўлса-да негадир отанинг "елкаси қичиша" бошлади. Моддий таъминотдан ўзини олиб қоча бошлади. Энг таассуфлиси ота болани тан олмай, "меники эмас" дейишгача борди. 

Оталикка эътироз билдириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъвогарнинг аризасини муҳокама қилиб, фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилгунга қадар суднинг ҳал қилув қарори ижроси вақтинча тўхтатиб турилди.

Энг аввало, боланинг табиий отаси ким эканлигини аниқлаш юзасидан ДНК текширувлари ўтказилди. Текширув эса гўдак У.Ҳ.нинг пушти камаридан эканлигини тасдиқлаб берди. Суднинг ҳал қилув қарори ижроси бўйича ижро ҳаракатлари давом эттирилди.

Шунда боланинг манфаати давлат ҳимоясида эканлиги, отанинг ўзини у ёқдан бу ёққа уриши ҳеч бир мезонларга тўғри келмаслиги тушунтирилди. Агар алимент пулларини 2 ойдан ортиқ тўламаса аввал 15 суткага, кейинчалик эса озодликдан маҳрум этилишгача бориши ҳам таъкидланди. Вазиятни ҳар томонга оғдириш учун қилган ўринсиз важлари ўзига жабр бўлишини тушуниб етган ота бошини эгишдан ўзга иложи қолмади.

Навбат энди Мажбурий ижро бюросининг ходимларининг ҳаракатларига боғлиқ бўлиб турганди. 

Масала бўйича МИБ Янгиер шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздор У.Ҳ. дан ундирувчи Ш.А. фойдасига 8 млн. сўмдан ортиқ алимент пуллари тўлиқ ундирилиб берилди. 

Моддий таъминотдан таъминланган гўдакнинг тирик етимликдан кемтик қалби тўлармикан?! -деган савол кўпчиликда туғилган бўлса ҳам ажаб эмас” – дейилади МИБ матбуот хизматидан олинган хабарда.

Мавзуга оид