Президент раислигида ўтказилган йиғилишда инвестиция ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди
Бугун, 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилиб, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий сармоялар йўналтирилаётгани натижасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида 85 триллион 775 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпдир. Асосий капиталда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 2,5 баробарга ошиб, 1,7 миллиард долларга етган. Давлат кафолати бўлмаган хорижий кредитлар эса 3,7 баробар кўпайган. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг қарийб 75 фоизи ҳудудий лойиҳаларга тўғри келмоқда.
Бу кўрсаткичлар қайд этилар экан, энди асосий эътиборни йилнинг қолган даврида кўзда тутилган инвестицияларни тўлиқ ўзлаштиришга қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш суст кечаётган тармоқлар раҳбарлари мавжуд ҳолат сабаблари ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш режалари тўғрисида ҳисобот берди.
Вазирлар Маҳкамасига 2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳа бўйича саноат объектларини муддатида ишга тушириш юзасидан топшириқлар берилди. “Навоийазот” акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш, Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Тўрақўрғон, Тахиатош ва Навоий иссиқлик электр станцияларида янги буғ-газ ускуналарини ўрнатиш, Тошкент металлургия заводини қуриш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Таҳлилларга кўра, охирги ўн йилда ишга туширилган қирққа яқин йирик корхона қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган корхона ва объектлар фаолиятини таҳлил қилиб, кам қувватда ишлаётганларини лойиҳа параметрларига олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу дастурга, аввало, олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган 650 га яқин келишувларга мувофиқ ишлаб чиқилган аниқ лойиҳаларни, шунингдек, нефть-газ хомашёсини чуқур қайта ишлаш, муқобил энергетика, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш материаллари, агросаноат каби юқори технологияли тармоқлардаги лойиҳаларни киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Видеоселекторда яна бир муҳим соҳа – маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи атрофлича таҳлил қилинди.
Маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қиймат яратиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодиёт барқарорлигининг муҳим омилидир. Шу боис мамлакатимизда маҳаллийлаштиришни ривожлантириш, корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтиришга зарур шароит яратилмоқда.
Лекин айрим тармоқ ҳамда ҳудудларда маҳаллийлаштириш бўйича ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинди.
– Шунча шароит яратяпмиз, технологиялар олиб келяпмиз. Жойлардаги раҳбарлар эса ўзини қийнамай, маҳаллийлаштириш устида ишлаш ўрнига осонгина импорт қилишга ўрганган, – деди Президентимиз.
Юртимизда молибденнинг 1,1 фоизи, табиий газнинг 12 фоизи, рухнинг 21 фоизи, миснинг 25 фоизи, мева-сабзавотларнинг 20 фоизи, ип-калаванинг 46 фоизи қайта ишланмоқда, холос. Агар бу хомашёлар чуқур қайта ишланса, қўшилган қийматни 5 бараваргача ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасига барча тармоқ ва ҳудудлар корхоналарида маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси икки йилда камида 20 фоизга ошириш, импорт улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Ҳисоб палатаси таркибида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларини таҳлил қиладиган бўлинма ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселекторда тармоқлар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
22:46 / 26.10.2024
Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
21:10 / 22.10.2024