Жамият | 23:06 / 12.08.2019
28327
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги АЁҚШда ёнғин келиб чиқишига «Нексия» автомобилининг носозлиги сабаб бўлганлиги тахмин қилинмоқда

Самарқанд шаҳри, Рудакий кўчаси 5-уй манзилида жойлашган «Динара» автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди.

Воқеа гувоҳларининг ижтимоий тармоқларда қолдирган фикрларига кўра, АЁҚШда ёнғин чоғида кичик портлаш ҳам рўй берган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг хабар беришича, Самарқанд шаҳридаги «Автогаз-Инвест» оилавий корхонасига қарашли, Рудакий кўчасида жойлашган кўп ёнилғили автомобилларга суюлтирилган газ ва бензин ёнилғиси қуйиш шохобчасида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида соат 17:27да ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Фото: ФВВ ЁХББ

Воқеа жойига 5 та ёнғин ўчириш автоэкипажи ва 2 та ёрдамчи техника жалб этилган. Биринчи бўлинмалар воқеа жойига соат 17:30 да етиб борган ва ёнғин соат 17:40 да қуршаб олиниб, соат 17:50 да тўлиқ бартараф этилган.

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.

Ёнғин оқибатида шохобчанинг иккита суюлтирилган газ ва битта бензин қуйиш колонкалари, 200 кв.м майдонда шифти, томи ҳамда оператор хонасининг ички жиҳозлари ёниб, зарарланган.

Шохобчага ёнилғи қуйиш учун келган «Нексия-1» русумли автомобилга бензин қуйиш вақтида электр статик ҳодисаси рўй бериши ёнғиннинг тахминий сабаби сифатида кўрилмоқда.

Айни пайтда ёнғин сабабли етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда, — дейилади Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББнинг ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарида.

Ушбу АЁҚШ бензин ўта тақчил бўлган кунларда бензин топиш мумкинлиги билан самарқандликлар ўртасида довруқ қозонган эди. 

Мавзуга оид