Давлат раҳбари ўз нутқида бугунги таҳликали дунёда уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги шакллари инсоният учун трансмиллий таҳдидлар кўламини тобора кенгайтираётганини таъкидлади. Қайд этилишича, наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал хусусият касб этиб, жиноий гуруҳлар шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланмоқда. Бу эса наркотикларга қарши курашишда замонавий ёндашувлар ва янги ечимларни талаб этмоқда.
Қайд этилишича, наркобизнес бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, бу – миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирадиган манба ҳамдир.
Жиноий маблағларни ювишнинг энг катта қисми бугун айнан рақамли активлар ва оффшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда.
"Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг “молиявий артерия”ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади", деди президент.
Шунинг учун крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар, “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарур.
"Шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик аниқлайдиган, уни қабул қилган банк ёки молиявий ташкилотни дарҳол хавф тоифасига киритадиган “халқаро рақамли қора код” тизимини жорий қилишни таклиф этаман", деди давлат раҳбари.
Президентнинг қайд этишича, БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 300 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолган, ҳар йили қарийб 600 минг инсон ушбу иллат қурбонига айланмоқда. Бу хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётгани, шу боис мамлакатда гиёҳвандлик ва нарко-жиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу соҳада идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва профилактика механизмларини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинган. Айниқса, 2024 йилда наркотикларга қарши курашиш бўйича миллий стратегиянинг қабул қилиниши бу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 2,5 баробарга, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари 2 баробарга, йўқ қилинган синтетик наркотиклар эса 7 баробарга ошгани маълум қилинди.















