01:10 / 14.08.2019
42152

Россия мудофаа вазири самолётига F-18 қирувчиси яқинлашди (видео)

13 августда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Калининграддан Москвага парвози вақтида самолётига НАТОнинг F-18 қирувчи самолёти яқинлашди. Қирувчи вазир самолётини кузатиб борган Су-27 самолётлари томонидан сиқиб чиқарилган.

Интернетда F-18’нинг Шойгу самолётига яқинлашиши видеоси тарқалди. Видеони ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари жойлаштиришган.

Шойгунинг самолётидан олинган видеода самолёт томон НАТО қирувчиси яқинлашаётганини кўриш мумкин. Самолёт ёнига Су-27 учиб келгач, F-18 вазирнинг самолётидан нарилаша бошлаган.

Таъкидланишича, воқеа Болтиқ денгизи устидаги нейтрал ҳудуд устида юз берган. Шойгунинг самолётини иккита Су-27 кузатиб борган.

Шойгу Калининградда ишчи сафар билан бўлган ва Нахимов ҳарбий билим юрти филиали тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этган.

2017 йил июнда ҳам НАТОнинг F-16 самолёти Шойгу самолётига яқинлашган. Ўшанда НАТО самолёти Шойгу самолётига параллел равишда бир неча ўн метр нарироқда учиб борган. Шунда улар орасига Су-27 туриб олган. Россиялик учувчи самолётини чайқатиб, F-16 учувчисига ракеталари борлигини кўрсатиб қўйган. Шундан кейин НАТО самолёти четга кетган. Ўшанда НАТОда самолёт бортида Шойгу борлигидан хабарлари бўлмагани айтилган.

Top