Ўзбекистон | 19:04 / 15.08.2019
14218
2 дақиқада ўқилади

«АрМИ-2019»: Ўзбекистон жамоаси «Танк биатлони» II дивизиони финалида чемпион бўлди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 15 август куни Россиянинг Москва областида жойлашган Алабино дала-ўқув майдонида Халқаро армия ўйинларининг «Танк биатлони» йўналиши бўйича II дивизионнинг финал баҳслари ўз ниҳоясига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон вакиллари энг яхши натижани қайд этиб, ғалабага эришди.

«Қизғин ва шиддатли баҳсларга бой бўлган чорак финал баҳсларида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар барча тўсиқлардан муваффақиятли ўтиб, энг яхши натижани кўрсатган эди.

Бугунги баҳсда жамоаларнинг ҳар учала экипаж аъзолари катта майдонга тушиб, эстафета шартини бажаришди. Ушбу шарт давомида улар тўсиқлардан талафотсиз ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш ва имкон қадар қисқа вақт ичида финиш чизиғини босиб ўтиши керак эди. Юртдошларимиз Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, барча иштирокчи жамоалар ичида энг яхши натижани қайд этишди. Вакилларимиз жами 2 соат 7 дақиқаю 22 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди. Бу вақт ичида 13та нишон яксон қилинди.

Ҳамюртларимиз финалда Уганда, Куба ва Вьетнам жамоалари билан курашди.

«Танк биатлони» мусобақаси икки гуруҳда ўтказилаётган бўлиб, вакилларимиз унда иккинчи гуруҳдаги жамоалар билан баҳсга киришган. Бунда ҳар бир гуруҳдан алоҳида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон жамоаси кейинги йилда «Танк биатлони» мусобақасининг биринчи дивизионида қатнашиш учун йўлланмани қўлга кирита олди.

«Танк биатлони» мусобақасининг биринчи дивизиони финал баҳси 17 август куни бўлиб ўтади», дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарида.

Мавзуга оид