13:58 / 29.08.2019
0
8693

Ҳарбий округ мамлакат ифтихорига айланган қаҳрамонларни кутиб олди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи “АрМИ-2019” Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашиб, юртимиз шаънини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилишга ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳарбийларни тантана билан кутиб олди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг “АрМИ-2019” мусобақаларидаги иштироки олдинги икки йилдан кўра сермаҳсул бўлди. 39 давлат иштирокида ўтган мусобақаларнинг 14 тасида қатнашиб, шулардан 11 тасида ҳарбийларимиз юртимизга турли тоифадаги медаллар шодасини олиб келди. Дунёнинг кучли армиялари қатнашган танловларда Ўзбекистон 5-ўринни эгаллаши тарихий ҳодиса.

Айниқса, халқаро мусобақаларнинг мамлакатимизда ўтказилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови ҳамда танкчилар баҳси бўлмиш “Танк биатлони”нинг иккинчи дивизион мусобақасидаги қўлга киритилган олтин медаллар Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлди.

Россияда ўтказилган “Содиқ дўст”, “Рембат” ва Хитойда бўлиб ўтган “Қуролсоз уста” мусобақаларида мамлакатимиз номидан қатнашиб, жамоамизнинг фахрли 2-ўринларни олишини таъминлашга ҳисса қўшган   катта лейтенант Лазизжон Жўрақулов, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскарлар Элшод Абдуллаев ва Исоқжон Мўминов, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Корла шаҳрида ўтказилган “Мусаффо осмон” танловининг бронза медали соҳиби Илёс Абдураҳимов бугун нафақат армиямиз фахрига, балки юртимиз ифтихорига айланиб улгурди.

Нукус вокзалида ўтган тантанада “қаҳрамон” йигитларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари катта шодиёна билан ўзбекона лутф ила кутиб олишди. Юртимиз мавқеи ошишига ҳисса қўшиб келган ҳарбий хизматчилар номига илиқ сўзлар айтилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top