Ўзбекистон | 08:20 / 16.08.2019
9900
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар АрМИ танлови доирасида Эльбрусга биринчи бўлиб кўтарилишди

Фото: Armygames

Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинларининг “Эльбрус ҳалқаси-2019” танлови доирасида Европа ва Россиянинг энг баланд тоғ чўққиси – Эльбрусга (5642 метр) биринчи бўлиб кўтарилди. Танловда 5 та давлат ҳарбийлари иштирок этган.

Маълум қилинишича, танловнинг якуний босқичида ўзбекистонлик ҳарбийларга таянч лагер Приют 11дан (баландлиги 4,2 минг метр) чўққига кўтарилиш учун 4 соат 25 дақиқа талаб қилинган. Чўққига иккинчи бўлиб қозоғистонлик ҳарбийлар, учинчи бўлиб Ҳиндистон, тўртинчи бўлиб Россия ҳарбийлари кўтарилишган.

“Эльбрус ҳалқаси” танловида умумий ҳисобда Россия 14 та топшириқдан 9 тасида ғалаба қозониб, 1-ўринни эгаллади.

16 август Терскол қишлоғидаги Тоғ тайёргарлиги базасида танловнинг тантанали ёпилиши маросими бўлиб ўтади ва ғолиблар мукофотланади.

Энг яхши тоғ бўлими учун “Эльбрус ҳалқаси” танлови 3 августда бошланганди. Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Мароккаш ва Ҳиндистон ҳарбийлари иштирок этган. 

Халқаро армия ўйинлари (АрМи) 3 августдан 17 августгача 10 та давлат ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Умумий ҳисобда 32 та танлов ўтказилиб, уларда 200 дан кўпроқ жамоа иштирок этмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид