Ўзбекистон | 22:10 / 16.08.2019
6281
2 дақиқада ўқилади

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 553 млн долларга модернизацияланади

Фото: Livejournal

2019 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида модернизация ишлари бошланади. Бу мақсадда 553 млн доллар сарфланади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабар қилди.

Объектни 3 босқичда модернизациялаш ва реконструкция қилиш таклиф этилган. 

1997 йилда ташкил этилган завод 22 йил ичида илк бор технологик янгиланади. Ишлар якунлангач завод ҳар йили 2,5 млн тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлай олади. Бунинг эвазига “Евро-5” стандартидаги 1,2 млн тонна бензин, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизел ёқилғиси ва 30 минг тонна мазут олинади.

Заводни модернизациялаш лойиҳасини Жанубий Кореянинг SK Engineering компанияси ишлаб чиққан.

Модернизациялашни қуйидаги босқичларда амалга ошириш режалаштирилган: 

1-босқич (2019 йил) – газойлни гидротозалаш қурилмаси катализаторини охирги авлоддаги катализаторга алмаштириш кўзда тутилган. Бу дизел ёқилғисининг умумий ҳажмидан 20 фоиз Евро 4,5 ва 80 фоиз Евро 3 стандартларига жавоб берувчи дизел ёқилғи олишни таъминлайди.
 
2-босқич (2019-2022 йиллар) – мавжуд технологик линияларнинг қўшимча қурилмалар ўрнатилиши билан модернизация ва реконструкциясини кўзда тутади. Ушбу босқичнинг амалга оширилиши натижасида Евро 3, Евро 5 стандартларига жавоб берувчи АИ-91, АИ-93, АИ-95 бензинлари олиниши ҳажмини ошириш ва 100 фоиз дизел ёқилғисининг Евро 5 стандарти бўйича ишлаб чиқарилиши таъминланади.

3-босқич (2024-2025 йиллар) – мазутни чуқур қайта ишлашни таъминлаш мақсадида янги қурилмалар қурилишини кўзда тутади. Ушбу босқичда хом ашёни чуқур ишлашни 79 фоиздан 95 фоизгача ошириш, оч рангли нефть маҳсулотлари чиқишини 77 фоиздан 91 фоизгача ошириш таъминланади.

2 ва 3-босқич объектлари қурилишини ишлаб чиқаришни тўхтамаган ҳолда амалга ошириш кўзда тутилган.

Айни вақтда лойиҳани амалга ошириш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш имкони ишлаб чиқилмоқда.

Мавзуга оид