Қирғизистонда Атамбоевлар оиласининг банклардаги ҳисоб рақамлари ва мулклари ҳибс қилинди
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг республикадаги 25та банкда бўлган ҳисоб рақамлари ҳибс қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.
Шунингдек, Атамбоев, унинг рафиқаси Раиса тегишли мулклар, қимматли қоғозлар, акциялар, банклардаги ҳисоб рақамлари ҳамда собиқ президент оиласига тегишли қатор корхона ва фирмалар ҳибс қилинган.
Атамбоевлар оиласига қарашли компания ва ташкилотлар ҳам ҳибс қилинган. Улар орасида "Киргизавтомаш" ОАЖ, "Апрель" телеканали, "Медиа Форум" ОАЖ ва "Апрель" жамоат фонди бор.
Бош прокуратура маълумотига кўра, "Киргизавтомаш" ОАЖ балансида 20дан ортиқ хонадон ва Бишкекда битта кўп хонадонли уй, ер участкалари, темирйўл участкаси, цехлар, дўкон ва нотурар бинолар бор.
Шунингдек, Арашан қишлоғидаги ҳовли, пойтахтдаги тураржой, битта хонадон, саккизта автомобиль, тўртта ер участкаси, яйлов, кўпйиллик дарахтлар ва соғломлаштириш маркази ҳам ҳибс остига тушган.
Қайд этилишича, собиқ президентнинг жами 120та мулк объекти ҳибс қилинган.