Жамият | 08:09 / 19.08.2019
53304
2 дақиқада ўқилади

ИИВ Навоийда ЙҲХБ инспектори билан содир бўлган воқеа бўйича расмий маълумот берди

Фото: Александр Беленький

2019 йилнинг 17 август куни соат 19:10ларда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ инспектори Навоий шаҳар, И.Каримов кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган “Кобальт” русумли автомашинани пиёдага йўл бермаганлиги учун тўхтатган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, у ҳайдовчидан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраган, аммо ҳайдовчи Ж.С.да мазкур автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган. Шу сабабли, инспектор қонуний тартибда ҳайдовчи Ж.С.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани Навоий шаҳридаги жарима майдончасига олиб келган.

Қайд этилишича, бундан хабар топган ҳайдовчи Ж.С.нинг 44 ёшли отаси А.Ҳ. жарима майдончасига маст ҳолатда келиб, инспектор томонидан автомашина жарима майдончасига қўйилишига фаол қаршилик кўрсатган. Сўнг уни ҳақоратлаб, унга қўл кўтарган ва тан жароҳати етказган. Натижада жиддий жароҳат олиб, РШТЁИМ Навоий филиалига олиб борилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ўз ўрнида, фуқароларимизга бу каби ҳаракатлар қонунбузарлик ҳолати эканлигини эслатиш билан бирга, ҳар қандай келишмовчилик ва эътирозларини тартиббузарликка қўл урмай, қонуний йўл билан ҳал этишга эътибор қаратишларини сўраб қоламиз”, - дейилади ИИВ хабарида.

Мавзуга оид