Ўзбекистон | 21:18 / 20.08.2019
20189
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон бюджети молиявий шаффофликнинг минимал талабларига жавоб бермаслигини билдирди

Фото : АР

Ўзбекистон АҚШ Давлат департаментининг минимал фискал шаффофлик талабларига жавоб бера олмайдиган мамлакатлар рўйхатига киритилди.

Давлат департаментининг шаффофлик тўғрисидаги йиллик маърузаси рўйхатига Ўзбекистон билан биргаликда яна 67 давлат киритилди. Улар орасида Озарбойжон, Хитой, Ироқ, Туркманистон ва Саудия Арабистони бор.

Ҳужжатда АҚШ 2018 йил 1 январдан 31 декабргача молиявий ёрдам кўрсатган 140та ҳукуматнинг иши таҳлил қилинган. 67та ҳукумат минимал шаффофлик талабларига жавоб бера олмаган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ўз бюджетини ошкор қилишда ўсишга эришган, аммо бюджет режалаштирилган харажат ва даромадлар ҳақида батафсил маълумотни ўз ичига олмаган.

Бундан ташқари, бюджетда табиий ресурслардан келадиган даромадлар ҳақидаги маълумотлар ва бюджетдан ташқари давлат ҳисоблари ҳақида ахборот ошкор қилинмаган.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга фискал шаффофликни таъминлаш учун ўзининг қарз мажбуриятлари ҳақида ошкор қилишни ва вазирликларнинг харажатлари тўғрисида батафсил маълумот беришни тавсия қилган.

Kun.uz шу кунларда «Сизнинг фикрингиз» Telegram каналида сўров ўтказди. Сўровда ўзбекистонликларнинг бюджет шаффофлиги тўғрисидаги фикри сўралди. Унда 2 918 киши қатнашди.

Сўровда қатнашганларнинг 51 фоизи Ўзбекистонда бюджет «сирли ва ёпиқ» эканлигини билдирди. Респондентларнинг 40 фоизи бюджетимиз ҳақида ҳеч нарсани тушуниб бўлмаслигини айтган.

Бундан ташқари, 4 фоиз иштирокчилар давлат муассасалари пулларни қаерга ишлатаётганини билишини айтган бўлса, 3 фоизи бюджет сарфи қизиқтирмаслигини, 2 фоизи эса барча ташкилотлар даромад ва харажатлари тўғрисида ҳисобот чоп этаётганини айтган.

Мавзуга оид