19-20 август кунлари Тошкент шаҳар Ёшлар маркази биносида «Барқарор қишлоқ хўжалиги» мавзусида 6 - PGRP Осиё Биоўғитлар халқаро анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон Миллий университети ва «Ecobiome Research & Development Ltd» томонидан, «Осиё Биоўғитлар» жамияти, «Auburn» университети (АҚШ), «ICRISAT», «ICAR», «Ҳиндистон» жамиятлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур форум доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўсимликларнинг турли хил касалликларига самарали ва инновацион тарзда ишлаб чиқарилган сўнгги авлод биоўғитларидан фойдаланган ҳолда қарши курашиш, шунингдек, кимёвий ўғитлардан холи, тоза ва органик мева ва сабзавотларнинг экспортбоп навларини етиштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида «Ecobiome Research & Development Ltd» жамияти раҳбари Дилфуза Эгамбердиева Kun.uz сайтига халқаро анжуманнинг Ўзбекистон учун аҳамияти борасидаги ўз фикрларини бўлишди.

«Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда халқаро конференциялар жуда кам ташкил қилинади. Бизда шунингдек, илмий йўналишдаги янгилик, илмий янгиликлар билан ишлаш учун эса технологиялар жуда кам. Шу сабабдан ҳам, мазкур анжуманни Ўзбекистонда ташкил қилишга қаттиқ ҳаракат қилдик.

Тадбирнинг ҳомийлари турли давлатларнинг ҳамкор фирмалари ҳисобланади. Ҳалқаро фирмалар эса бизга шунчаки келишмайди, улар илмий йўналишдаги ишланмаларга инвестициялар ҳам олиб келишади. Жумладан, анжуманнинг биринчи кунида биз ҳамкорларимиз билан Ўзбекистонда ҳам йирик биотехнология марказини қуриш бўйича музокаралар ўтказдик. Қурилиши режаланаётган марказда ўз-ўзидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун фойдали бўлган илмий янгиликлар қилинади», дейди у.

Дилфуза Эгамбердиева шунингдек, қишлоқ хўжалигида биоўғитлардан фойдаланиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда кимёвий ўғитларнинг ҳиссасини камайтириш борасида дунё давлатларида қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Жумладан, «Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигида ҳали жуда кўп ислоҳотлар қилиниши керак. Иккинчидан, Республикада қишлоқ хўжалигига биоўғитларни жорий қилиш соҳасида саноқли мутахассис иш олиб боради, табиийки, бизда соҳа ҳам яхши ривожланмаган.

Биласизми, ҳозир бутун дунё қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалардан воз кечиш жараёни кечмоқда. Супермаркетларда ҳам харид қилиш учун мўлжалланган маҳсулотлар органиқ ва кимёвий турларга ажратиб сотилмоқда. Уларнинг нархларида ҳам фарқ катта. Бунинг сабаби, айнан кимёвий воситалар инсонда турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто, шундай фунгицидлар борки, уларни ўсимликда қўлланиши оқибатида инсонда рак касаллиги ривожланади.