Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг бўлим бошлиғи Милана Базарова республика транспорт-коммуникация тизими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти ҳақида фикр юритади.
Халқаро магистрал йўллар тармоғига уланадиган замонавий транспорт-инфраструктура тизимининг яратилиши Ўзбекистон иқтисодиётини саноат-инновацион ривожлантириш бўйича олдинга қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун асосий шартлардан бирига айланмоқда.
Тан олиш керакки, ушбу соҳада ҳал қилинмаган қатор муаммолар бўлишига қарамасдан, мамлакат кўзланган режаларни амалга ошириш учун етарлича салоҳиятга эга. Масалан, ҳозирда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг юқори автомобиль йўллари тармоғи зичлигига эга – 100 кв километрга 41 км. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Тожикистонда 100 кв кмга 19,4 км, Қирғизистонда 100 кв кмга 17 км, Қозоғистонда 100 кв кмга 4,7 кмни ташкил этади.
Шу билан бирга, кейинги йилларда Ўзбекистонда транспорт соҳасида ўтказилаётган инвестицион сиёсат туфайли: а) мамлакат ЯИМда транспорт хизматларининг улуши жадал ўсмоқда – 2018 йилда у 6,4 фоизни ташкил этди. 2000 йилга таққослаганда, транспорт хизматлари ҳажми 100 баравардан ортиқроққа ошди –205,4 млрд. сўмдан 23,1 трлн. сўмгача ўсди б) мазкур даврда йўловчи ташиш ошди – 3,6дан 5,8 млрд. кишигача ва юк ташиш ҳажми 1,5 бараварга ошиб, 2018 йилда 1,2 млрд тоннани ташкил этди; в) 7 логистика маркази ва 29 юк транспорт базаси ташкил этилди. Яна 6та логистика маркази қурилиш ва лойиҳалаштириш босқичида.
Шу билан бирга, соҳада давлат бошқарувининг ваколатли органи сифатида Транспорт вазирлиги ташкил этилди. Янги тузилма транспорт тизимини ривожлантиришнинг ягона комплекс Стратегиясини ишлаб чиқаришга қаратилган. Қайд этиш жоизки, глобал логистика тизими ривожланиши ва йўл-транспорт комплексини ташкил этиш ва бошқаришга бўлган талабнинг ўсаётганлиги ҳисобга олиниб, Транспорт вазирлиги ҳузурида автомобиль транспорти соҳасида кадрларни профессионал тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институти очилди.
Ўзбекистон транспорт коммуникациялари бўйича 70дан ортиқ халқаро конвенция, келишув ва икки томонлама шартномалар иштирокчиси ҳисобланади ҳамда уларни интеграциялаш бўйича қатор халқаро дастурларда қатнашади. Аксарият лойиҳалар халқаро ташувчилар ўтишига мўлжалланган 99 маршрут ўтадиган республика транзит салоҳиятини оширишга қаратилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 2018-2022 йилларга мўлжалланган транспорт инфраструктурасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо маршрутларини диверцификация қилиш бўйича комплекс дастурни қабул қилди ва режали равишда амалга ошириб келмоқда. У миллий транспорт соҳасини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ ривожлантиришни кўзда тутади.

















