20:51 / 21.08.2019
7782

Германия ташқи ишлар вазирининг самолёти бешинчи марта бузилиб қолди  

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Москвага учиши керак бўлган ҳукумат самолёти Airbus A340 бузилиб қолди. Таъкидланишича, Маас россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувга A310 русумидаги захира самолётида йўл олган.

Маълум қилинишича, лайнернинг гидравликасида муаммолар аниқланган. Вазир ушланиб қолишдан қочиш учун делегацияси билан бирга ҳарбийларни ташиш учун қўлланувчи самолётда учиб кетган.  

Германия ҳукумати самолётлари билан техник носозликлар охирги вақтда тез-тез юз бериб турибди. Мааснинг ўзи охирги ярим йил ичида 5 марта самолётини алмаштиришига тўғри келган. Охирги бундай воқеа бор-йўғи бир ҳафта юз берганди: Мааснинг Нью-Йоркка парвози вақтида бирданига иккита лайнерда носозлик аниқланган: дастлаб Берлинда, кейинроқ эса Рейкьявикда ёнилғи қуйиш вақтида. Натижада Германия ташқи ишлар вазирининг сафари бекор қилинганди. 

Маас, шунингдек, май ойида самолёти носозлиги сабабли Болгарияга ўз вақтида учиб кета олмаган. 1 апрелда эса у худди шундай сабаб билан БМТдаги учрашувга кеч қолган. 

Февралда эса Маас Мали пойтахти Бамакодан ҳукумат самолёти носозлиги сабабли учиб кета олмаган. Ўшанда у бошқа самолётда олиб кетилган.

Германия ҳукумати самолётлари билан энг шов-шувли воқеа эса 2018 йил 29 ноябрда юз берганди. Ўшанда Германия канцлери Ангела Меркелнинг Аргентинага парвози вақтида самолёт ердаги хизматлар билан алоқани йўқотган ва аэропортга қайтишга мажбур бўлган. Натижада канцлер Жанубий Америкага оддий рейс билан учишига тўғри келган.

Top